"Меҳнат ярмаркаси" ташкил этилди
2025-11-28 14:05:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида аҳоли бандлигини ошириш, ишсиз фуқароларга муносиб иш ўринлари таклиф этиш ҳамда пробация ҳисобида турган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида, навбатдаги амалий тадбир ўтказилди. Туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш маркази ташаббуси билан Алишер маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Соф Мега Техтил” МЧЖда “Меҳнат ярмаркаси” ташкил этилди.
Тадбирда иш излаётган фуқаролар, шу жумладан ИИБ пробация ҳисобида турувчи шахслар ҳам иштирок этди. Ярмарка давомида корхона ва бандлик хизмати ходимлари томонидан мавжуд бўш иш ўринлари, иш шароитлари ва талаб этиладиган малака ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Шунингдек, ишсиз ёшлар ва фуқароларга туман Касбий кўникмалар марказида бандлик бўлими орқали бепул ваучер асосида турли йўналишлар бўйича касб-ҳунарга ўқиш имкониятлари ҳақида тушунтириш ишлари амалга оширилди.
Меҳнат ярмаркасида жами 35 нафар фуқаро иштирок этди. Улардан 2 нафари – пробация ҳисобида турувчи шахслар. 11 нафар фуқаро ишга жойлашиш истагини билдирган бўлса, 10 нафари касб-ҳунарга ўқиш хоҳишини билдирди.





