Ахборот тарқатишда эътиборли бўлиш керак
2025-11-24 11:10:00 / Расмий муносабат

"Элтуз" телеграм каналида эълон қилинган "Оҳангарондан Тошкент аҳлига жавоб" сарлавҳали постда фуқаронинг ҳаво ифлосланиши ҳақидаги видеомурожаати келтирилган бўлиб, унда "Мана, Олмалиқнинг ҳавоси… , Ўлиб қолганимиз йўқ..." деган иборалар орқали Олмалиқ шаҳридаги экология билан боғлиқ вазият тилга олинган.
Мазкур телеграм канали ушбу видеоматериални Оҳангарон туманидаги ҳолат сифатида талқин қилмоқда.
Оҳангарон туман ҳокимлиги расмий тарзда маълум қилади:
Постдаги видеомурожаат Оламалиқ шаҳрига тегишли бўлиб, ундаги ҳолатлар Оҳангарон туманига даҳлдор эмас.
Телеграм канали томонидан видеолавҳанинг манзили нотўғри кўрсатилгани натижасида аҳоли ўртасида турли талқинлар ва тушунмовчиликлар юзага келиши мумкин.
Қолаверса, аҳолига нотўғри ахборот тарқатилишининг олдини олиш, расмий ва ишончли манбаларга таяниб, маълумот тарқатиш муҳим эканини эслатиб ўтамиз.
Оҳангарон туман ҳокимлиги оммавий ахборот воситалари ва блогерларни материалларини тайёрлашда манзил ва воқеъликка оид маълумотларни тўғри келтиришга, тасдиқланмаган ахборот тарқатмасликка чақириб қолади.
Оҳангарон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.

