Ҳужжат сохталаштирилган
2025-11-07 14:00:00 / Расмий муносабат

Телеграм ижтимоий тармоғидаги "MANIFEST" номли каналда Оҳангарон тумани ҳокими томонидан имзоланган, фуқаро Елизавета Романчакнинг қайси манзилда рўйхатда турганлиги ҳақида берилган маълумотноманинг русча варианти эълон қилиниб, Оҳангарон тумани ҳокимини "Губернатор округа", деб таржима қилинганлиги танқид остига олинган.
Туман ҳокимлиги шуни маълум қиладики, ушбу маълумотнома юқорида номи таъкидланган фуқарога русча эмас, балки ўзбек тилида тақдим этилган (суратда).
Қолаверса, ушбу русча вариантдаги маълумотнома "ясалган" бўлиб, буни эътибор бериб қараган ва таҳлил қилган одам дарров пайқайди.
Биринчидан, ҳокимлик хати бланкасининг юқори қисмидаги (гербнинг остида) "HOKIMI" сўзи оригиналлигича қолган (яъни, ўзбек тилидаги варианти).
Иккинчидан, сохталаштирилган русча маълумотномадаги ҳужжатнинг қайд этилган рақами (санаси билан), ҳоким имзоси оригиналидан умуман фарқ қилмайди (яъни, оригиналидан кўчириб олинган).
Учинчидан, ушбу маълумотнома инсон омили билан эмас, балки махсус дастур (илова) ёрдамида рус тилига ўгирилган, деб ҳисоблаймиз. Чунки қайд рақамидан кейин ёзилган "сон" (рақам) сўзи "конец", деб таржима қилинган. "Сон" сўзи русчага сўзма-сўз ўгирилганда, "число" деб ўгирилиши керак эди. Юқоридаги ҳолатда эса "сон" сўзи худди турк тилидаги "son", яъни "якун", "охирги" сўзининг тўғридан-тўғри таржимаси сифатида "конец", деб ўгирилган.
Тўртинчидан, рус тилидаги маълумотномада кўплаб грамматик, имловий ва услубий, шунингдек, таржима хатолари мавжуд.
Бешинчидан, ушбу ҳужжат ижрочиси (ҳужжатнинг энг пастки чап томонида майда шрифтларда ) ҳақидаги маълумот таржима қилинмасдан, оригинал ҳолатидагиси турибди. Бу эса хатнинг маълум қисмлари алоҳида олинган ҳолда ясалганлигини кўрсатади.
Шуни таъкидлаш жоизки, Оҳангарон туман ҳокимлигида иш юритуви юз фоиз давлат тилида юритилади (хорижий ҳамкорлар билан ёзишмалар бундан мустасно).
Туман ҳокимлиги томонидан фуқаро Елизавета Романчакка ҳам рус тилида маълумотнома берилмаган ва туман ҳокими Дониёр Мадиримов бундай ҳужжатга имзо чекмаган. Қолаверса, Оҳангарон тумани ҳокимини хорижий тиллардан инглиз, рус тилларини мукаммал билишини ҳисобга оладиган бўлсак, хатоликларга тўла бундай ҳужжатга имзо чекиши мумкин эмас.
Юқорида келтирилган далиллар ва билдирилган фикрлардан кўриниб турибдики, русча маълумотнома сохта ва кимлардир томонидан туман ҳокимини обрўсизлантириш мақсадида ясалган.
Ижтимоий тармоқ кузатувчиларидан бундай хабарларга кўр-кўрона ишонмасликларини, ҳар қандай ахборотни эътибор билан, қайта ўрганиб қабул қилишларини сўраб қоламиз.

