Нуротада қоракўлчиликда янги босқич: сунъий қочириш бўйича амалий семинар ўтказилди
2025-10-07 14:10:00 / Матбуот анжуманлари

Тадбирда Нурота тумани ҳокими А. Файзиев, Навоий вилоят ҳудудий яйлов хўжаликлари бошқармаси бошлиғи У. Халилов, Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти директори Э. Шаптаков, шунингдек, вилоятда фаолият юритаётган наслчилик йўналишидаги МЧЖ ва фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда мутахассислари иштирок этдилар.
Семинар давомида профессор ҳамда мутасаддилар томонидан қоракўл наслчилик ишларини янада ривожлантириш, зотдор моллар сонини кўпайтириш ва сунъий қочириш усулларини амалиётга кенг жорий этиш бўйича тавсиялар берилди.
Мутахассислар томонидан сунъий қочиришнинг афзалликлари, уни амалга оширишда замонавий технологиялардан фойдаланиш, наслдор қўй ва қочқорларни танлашда илмий ёндашувнинг аҳамияти ҳақида маълумотлар берилди. Шу билан бирга, яйловлардан тўғри ва самарали фойдаланиш, ҳосилдорлиги паст яйловларни аниқлаб, янги уруғлар экиш орқали уларнинг маҳсулдорлигини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Семинарда чорва молларининг наслчилик ва селекция ишларини такомиллаштириш, чет давлатлардан олиб келинаётган зотдор молларни маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш бўйича амалий тавсиялар ҳам муҳокама этилди.
Йиғилиш якунида соҳа мутахассисларига илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга татбиқ этиш, чорвачиликда самарадорликни ошириш ҳамда “Қоракўл” зотини янада такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.








