“Устоз ва мураббийлар куни” муносабати билан байрам табриги
2025-09-30 09:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, ҳурматли устоз ва мураббийлар!
Дунё тамаддунининг бешиги бўлган муқаддас заминимиз азалдан илм-маърифат маскани, кўплаб буюк даҳолар ватани бўлиб келган. Буюк тарихимизни эслар эканмиз, ватан ва халқни ҳимоя қилган мард ўғлонларимиз ҳам илм-маърифат эгалари эканига яна бир бор амин бўламиз.
Илм ва маърифат қалбларимизга устозларимиз меҳнати, матонати орқали сингади. Аждодлардан мерос бўлган маънавиятли ҳаёт, маърифатли авлодни тарбиялаш энг аввало сиз азиз устозларнинг машаққатли, аммо шарафли меҳнатингизга боғлиқ. Муаллимликнинг қадрини ҳеч қандай бойлик билан ўлчаш мумкин эмас; унинг ҳақиқий қимматини устоз сабоқларини ўзлаштириб, эртага ўзи ҳам шогирдларига устоз бўлган инсонгина англайди.
Бугун — биз учун энг улуғ ва азиз байрам. “Янги Ўзбекистон таянчи — сиз, азиз устозлар!” шиори остида ўтаётган бу кун ҳар биримизга илк мактаб остонасидаги биринчи ўқитувчимиз меҳрга тўла табассум билан қарши олган онларни ёдга солади. Шу қутлуғ кунда бизга билим ва тарбия берган ҳар бир устозимизга чексиз миннатдорлик изҳор этиб, уларнинг меҳнатини юксак қадрлаймиз.
Азиз устоз ва мураббийлар!
Ҳурматли Президентимиз таълим соҳасига катта эътибор қаратмоқда, бу йўналишда кенг кўламли ислоҳотлар ва янги дастурлар амалга оширилмоқда. Мактабгача таълимдан бошлаб, умумий ўрта таълимгача бўлган тизимни тубдан янгилаш, болаларни мактабгача таълимга тўлиқ қамраб олиш, барча муассасаларни компьютер синфлари, тоза ичимлик суви ва замонавий санитария инфратузилмаси билан таъминлаш, чекка ҳудудларда бепул автобуслар йўлга қўйиш каби қатор муҳим вазифалар амалга оширилмоқда. Таълим ташкилотларига хорижий мутахассисларни жалб этиш, ўқитувчи ва тарбиячиларни чет элларда малака ошириш, маошларни икки бараваргача кўтариш каби чоралар ҳам устоз нуфузини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Бу саъй-ҳаракатлар натижасида таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш ва ҳар бир болага замонавий билим олиш имкониятини яратиш йўлида янги босқичга қадам қўйилмоқда.
Нурота туманимизда ҳам бу ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Бугунги кунда 52 та умумий ўрта таълим мактаби, 1 та ихтисослаштирилган мактаб, Санъат мактаби ва “Баркамол авлод” болалар мактабида жами 1700 дан ортиқ устоз ва мураббийлар фарзандларимиз тарбиясида фидокорона меҳнат қилмоқда.
Қувонарлиси, куни кеча Нурота тумани 2-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Абдухалимова Мехринисо Абдувалиевна “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу, ўз навбатида, устозларимизга бўлган юксак эътибор ва ҳурматнинг амалий ифодаси, уларнинг меҳнатини давлат ва жамият томонидан муносиб қадрлашнинг ёрқин намунасидир.
Шунингдек, ҳар бир устозимиз ёш авлодга замонавий билим ва эзгу қадриятларни сингдириб, келажаги порлоқ, маънавий етук авлодни вояга етказишга беқиёс ҳисса қўшмоқда.
Қадрли устозлар! Сизларни касб байрамингиз билан чин қалбимдан табриклайман. Хонадонингизда тинчлик ва хотиржамлик аримасин, фарзанд ва шогирдларингиз бахт-саодатини кўриб юриш насиб этсин. Машаққатли, лекин шарафли меҳнатингизда доим омад ҳамроҳингиз бўлсин.
Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин, азиз устозлар!
