ОАВ вакиллари Сентобда: туризмнинг юксалаётган нуқтасига саёҳат
2025-09-24 19:25:00 / Янгиликлар

Пресс-тур давомида Центоб қишлоғининг табиий гўзаллиги, миллий анъаналарга бой ҳаёти, экологик имкониятлари ҳамда маҳаллий аҳолининг турмуш шароити сератга олинди. Иштирокчилар пресс-тур давомида қишлоқнинг экотуризм салоҳияти, маҳаллий ҳунармандчилик намуналари ва миллий таомлар билан яқиндан танишишди.
Центоб қишлоғи — Нурота тизмасининг бағрида, тоза ҳаво ва табиий манзаралари билан ажралиб туради. Бу ерда қадимий қўрғонлар, тоғли манзаралар, табиий булоқлар ҳамда анъанавий қишлоқ хўжалиги ҳаёти ўзининг соф табиийлиги билан сайёҳларни ўзига тортади. Яқинда барпо этилган сайёҳлик инфратузилмаси, меҳмон уйлари ташриф буюрувчиларга қулай шароит яратади.
Пресс-тур давомида йиғилган фото ва видеоматериаллар, блогерларнинг жонли эфирлари ҳамда мақолалари орқали Центоб қишлоғи ҳақида хабарлар халқаро ва маҳаллий ОАВ, шунингдек, миллионлаб обуначиларга эга ижтимоий тармоқ саҳифаларида кенг ёритилиши режалаштирилган. Бу эса Ўзбекистоннинг янги сайёҳлик масканларини янада кенгроқ аудиторияга танитишга хизмат қилади.
Туризм қўмитаси вакилларининг таъкидлашича, мазкур пресс-тур — Навоий вилояти ва умуман Ўзбекистоннинг экологик ва маданий туризм салоҳиятини тарғиб этиш йўлидаги муҳим қадамдир. Келгуси йилларда Центоб қишлоғи нафақат ички, балки халқаро сайёҳлар учун ҳам машҳур манзилга айланиши кутилмоқда.
Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг табиий бойликлари ва тарихий меросини кенг миқёсда намойиш этиш, шунингдек, маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари яратиш, ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Центоб қишлоғида ўтказилган пресс-тур нафақат Навоий вилояти, балки бутун мамлакатнинг туризм салоҳиятини оширишда муҳим босқич бўлди. Хорижий ОАВ ва йирик блогерлар иштирокидаги кенг тарғибот Ўзбекистоннинг экотуризм йўналишидаги имкониятларини дунёга янада кенгроқ танитади.




