Нурота тумани ҳокими А.Файзиевнинг табриги
2025-08-31 09:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, азиз тумандошлар,
Қадрли меҳмонлар!
Бутун юртимиз бўйлаб қувонч ва шукроналик ҳисси тантана қилаётган шу лаҳзаларда Сиз азизларни, Сизнинг тимсолингизда барча туманимиз аҳлини ва меҳмонларини Ватанимиз Мустақиллигининг 34 йиллиги билан самимий муборакбод этаман!
Ўтган давр жонажон Ўзбекистонимиз учун истиқлолнинг синовли ва шарафли йўли бўлди.
Айниқса, сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг бутун дунёга очилиши учун кенг шароитларни яратди. Ўз навбатида, жаҳон ҳамжамияти ҳам Ўзбекистонга очиқ чеҳра билан юзланди.
Айни шу фараҳбахш кунларда бир ҳақиқатни катта ғурур ва ифтихор билан айтиш жоизки, мард ва матонатли туманимиз аҳли азалдан қанчалик синовли кунларга дуч келмасин, ўзининг мустаҳкам иродасини намоён этиб келган.
Энг муҳими, шу қисқа давр ичида одамларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ва кайфияти тубдан ўзгариб, уларнинг ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси ортди, эртанги кунга муносабати ва ишончи тобора мустаҳкамланмоқда.
Ватанимиз Мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” ғоясини ўзида мужассам этган шиор асосида нишонланмоқда.
Истиқлолнинг сўнгги беш йилида эришилган ютуқлар ва қўлга киритилган муваффақиятларни сарҳисоб этар эканмиз, мазкур давр мобайнида туманимиз иқтисодиёти қарийб 1,7 баробарга, аҳоли даромадлари жон бошига эса ўртача 1,5 баробар ўсди.
Туманда бугунги кунга келиб тадбиркорлик субъектлари сони 2095 тага етди. Бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан қарийиб 2 баробарга кўп демакдир.
Бошқача айтганда, мавжуд тадбиркорлик субъектларининг қарийб 40 фоизи охирги 5 йилда ташкил этилганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин.
Мамлакатимиз Президентининг яқинда тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида белгилаган вазифалари ҳамда соҳа равнақи йўлида тақдим этган енгиллик ва қулайликлари туманимизда ҳам тадбиркорлик ривожи йўлида янги имкониятлар эшигини янада кенгроқ очди.
Қулай ва жозибадор инвестициявий муҳит, экспортёр корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларининг жорий этилиши маҳсулотлар экспорти ҳажмларининг ошишига, номенклатураси ва географияси кенгайишига хизмат қилмоқда.
2020 йилга солиштирганда, экспорт ҳажми 2,5 бараварга, жалб қилинаётган хорижий инвеститциялар ҳажми эса қарийиб 14 бараварга ўсиб, 100 млн долларга етказилишига эришилди. Натижада 18 та хорижий инвестициялар асосидаги қўшма корхоналар фаолияти йўлга қўйилди.
Куни кеча давлатимиз раҳбарининг Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган вазифаларга бағишланган йиғилишларида ҳам том маънода Нурота туманини келгуси йилларда иқтисодий-ижтимоий, маъданий-маърифий соҳалари ривожлантиришда кечиктириб бўлмайдиган устивор вазифалар, чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Қадрли тумандошлар!
Истиқлолнинг илк кунларидан эътиборан мамлакатимизда олиб борилган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли барча ҳудудларда бўлгани каби Нурота тумани ҳам ҳар томонлама ривожланмоқда, айниқса сўнги йилларда туманнинг меъморий қиёфаси тубдан ўзгариб, кўркига кўрк қўшилмоқда, янги ижтимоий-маданий объектлар, жаҳон андозаларига мос келадиган мехмонхоналар, бир-биридан шинам намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар барпо этилмоқда.
Хусусан, сўнги 5 йиллик даври мобайнида ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар самараси ўлароқ 10 та умумтаълим мактаби, 8 та мактабгача таълим муассасалари ҳамда 5 та тиббиёт муассасалари, шу жумладан, 29 та маданият, спорт ва бошқа ижтимоий объектлар янгидан қурилди.
Мухтасар қилиб айтганда, Янги Ўзбекистон даврида 40 та умумтаълим мактаби, 15 та мактабгача таълим муассасалари ҳамда 11 та тиббиёт муассасаларида, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, замон талаблари асосида жиҳозланди.
Туманда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилда 21 фоизни ташкил этган бўлса, мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш борасида туманда амалга оширилаётган ишлар самараси ўлароқ ўтган давр мобайнида 79 та янги давлат, давлат хусусий шерикчилиги ҳамда уй боғчаларини ташкил этилиши натижасида қамров даражаси бугунги кунда 61,0 фоизга етказилишига эришилди.
Жорий йилда саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида умумий қиймати 636,0 млрд.сўмлик 31 та лойиҳалар амалга оширилиб, 544 та иш ўринлари яратилиши белгилаб олинган.
Шу жумладан, туманимизнинг бой норуда ва руда хомашё захираларидан самарали фойдаланган ҳолда “Сувлиқ” маҳалласида янги гранит конлари ўзлаштириб ишсиз аҳоли доимий иш билан таъминланмоқда.
Жумладан,
Туманнинг Нурфахр маҳалласида 2025-2027 йилларда умумий қиймати 100 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштириш эвазига гранит тошларини қайта ишлаш лойиҳаси қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Мазкур лойиҳа ишга туширилганда 200 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.
Бундан ташқари, туманимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари Европа бозорларига кириб борди. Хусусан, “Премиер текстил” ХК томонидан ишлаб чиқарилаётган тайёр трикотаж маҳсулотлари Россия, Словакия давлатларига экспорт қилиш йўлга қўйилди.
Иқтисодиётимизнинг етакчи тармоғига айланиб бораётган Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш бўйича 2020-2025 йилларда умумий қиймати 151,1 млрд.сўм тижорат банклари кредитлари ҳисобидан 5852 та хонадонларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйилиши ҳисобига 2 433 нафар хотин-қизлар, 499 нафар ёшлар ҳамда кам таъминланганларнинг бандлиги таъминланишига эришилди.
Азиз тумандошлар,
Ўтган давр мобайнида кўҳна ва узоқ тарихий аҳамиятга эга бўлган Нурота туманида эришилган юксак марралар ҳақида узоқ гапиришимиз мумкин.
Бугун биз қўлга киритаётган бу юксак марраларнинг илдизи, замини нимада, деган саволга хар биримиз хеч иккиланмасдан, буларни барчасининг замирида аввало мустақиллик деб аталган бебахо неъмат, халқимизнинг фидокорона мехнати, унинг тобора юксалиб бораётган онгу тафаккури, эртанги кунга бўлган ишончи, эзгу орзу-интилишлари мужассам, деб катта ғурур ва ифтихор билан айтишимиз табиийдир.
Бундай шароитда фақат эришган ютуқлари билан чекланиб қолмасдан, жадал ўзгариб бораётган давр билан ҳамнафас бўлиб қадам ташлаш ҳар биримиздан фидокорона меҳнат ва барча янгиланишларга дахлдорлик туйғуларини талаб этади.
Бугун, сафимизда шундай инсонлар сонининг йилдан-йилга ортиб бораётганлиги, ушбу қутлуқ байрам арафасида 2 нафар ҳунарманд-каштачиларимиз Хамидова Зарина ҳамда Мамаражабова Баҳоралар Президентимининг Фармонларига мувофиқ “Шуҳрат” медаллари билан тақдирланганлигида ўз ифодасини топди.
Қадрли тумандошлар,
Азиз меҳмонлар!
Оллохнинг назари тушган, Ўзбекистон деб аталмиш гўзал ва бетакрор ўлкада туғилиш, унинг бағрида камол топиш хар кимга хам насиб этмайди.
Ана шу хақиқат азиз ёшларимизни қалбидан, юрагидан чуқур жой олишини, Ватан севгиси, Ватанга садоқат туйғуси уларга умурбод ёр бўлишини истардим
Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни ва бутун туманимиз аҳлини энг улуғ, энг азиз байрамимиз, қутлуғ айём – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги билан яна бир бор самимий табриклайман.
Сизларга мустаҳкам соғлик, бахту саодат, Ватанимиз равнақи ва халқ фаровонлигини ошириш йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятларингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Мустақиллик нашидаси ҳар бир инсон қалбини нурларга тўлдирсин. Мамлакатимиз тараққиётнинг ойдин йўлидан юксаклик сари дадил одимлайверсин.
Халқимиз омон, Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз тумандошлар!
