Қурбон ҳайити табриги
2025-06-05 21:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ушбу муқаддас айёмда сизларга ва яқинларингизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, бахт-у саодат, хонадонларингизга файз ва барака тилайман.
Асрлар давомида юртимиз маънавий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаб келаётган бу байрам халқимиз орасида ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик фазилатларини мустаҳкамлаб, жамиятимизда бирлик ва тотувликни янада мустаҳкамламоқда.
Бу қутлуғ айёмда барчамиз, энг аввало, мана шундай файзли ва баракотли кунларга етказгани, осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч эканлиги учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз.
Қурбон ҳайити – яхшилик, сабр-қаноат, меҳр-мурувват каби эзгу фазилатларни ўзида мужассам этган улуғ айёмдир. Бу кунларда юртдошларимиз бир-бирини қутлаб, дастурхонлар ёзилади, совға-саломлар улашилади. Муқаддас дуолар ила мустақиллигимиз, фаровон ҳаётимиз ва фарзандларимиз келажаги учун Яратганга илтижолар қилинади.
Сизларга яхши маълумки, юртимизда сўнгги йилларда миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш, эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг тобора мустаҳкамланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.
Азиз тумандошлар!
Бундай файзли кунларда юртдошларимиз қадимий ва муқаддас масканларни, буюк аждодларимизнинг қадамжоларини зиёрат этиб, яқинлари ҳолидан хабар олиб, уларга меҳр ва эътибор кўрсатмоқдалар. Бу каби эзгу амаллар халқимиз орасида бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва маънавий уйғунликни янада мустаҳкамламоқда.
Яна бир бор барчангизни муборак Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этаман. Дуогуй кексаларимизнинг эл-юрт равнақи учун қилаётган дуолари, эзгу ният ва тилаклари ижобат бўлсин!
Хонадонларингизда файзу барака, қалбларингизда осойишталик, юртингизда тинчлик абадий бўлсин!
Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!
