Хотира ва қадрлаш куни
2025-05-08 17:10:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, ҳурматли тумандошлар!
Бугун — тарихимиздаги улуғ ва шонли сана — 9 май, Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан сиз, азиз юртдошларимизни, айниқса мўътабар фахрийларимизни чин юракдан муборакбод этаман.
1941–1945-йиллардаги урушда жасорат ва фидойилик намуналарини кўрсатган минглаб юртдошларимизнинг номлари биз учун абадий қадрлидир. Уларнинг ҳар бири ўз ҳаёти ва қаҳрамонлиги билан юртимиз тинчлиги, бугунги осойишта ҳаётимиз пойдеворини яратган. Бугун биз улар олдида бош эгамиз, жонбозликлари билан фахрланамиз, ҳаёт бўлганларини эъзозлаб, меҳр ва ҳурмат кўрсатамиз.
Ватан озодлиги ва халқимизнинг ёруғ келажаги учун жонини фидо қилган юртдошларимиз хотираси — қалбимизда мангу яшайди. Уларнинг шарофати билан эришилган осойишта ва фаровон ҳаётимиз учун ҳамиша шукрона билдирамиз.
Азиз юртдошлар!
Сизларни ушбу сана билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга соғлик-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга тинчлик ва файзу барака тилаб қоламан.
Юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин! Хотира ва қадрлаш куни барчамизга муборак бўлсин!
