НАВРЎЗ БАЙРАМИ ТАБРИГИ
2025-03-21 09:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Қадрли тумандошлар, азиз шаҳримиз меҳмонлари!
Мана, барчамизга қувонч ва шижоат бағишлаб, қалбларимизни эзгу ният ва орзуларга тўлдириб юртимизга Наврўзи олам кириб келди. Ушбу қадимий байрамнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган борлиқни асраб-авайлаш, табиат билан уйғун бўлиб яшаш, меҳр-оқибат, хайру саховат, бунёдкорлик, бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик сингари юксак ғоялар бугунги кунда янада теран мазмун ва аҳамият касб этиб бормоқда.
Ана шу муродбахш онларда туманимизнинг барча меҳнаткаш ва бағрикенг халқини ва шаҳримиз меҳмонларини янгиланиш ва яшариш айёми, яратувчанлик ва гўзаллик рамзи, шарқона янги йилимиз – Наврўзи олам билан чин қалбимдан қутлайман!
Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимиз ўзининг ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини тобора чуқур англаб бораётган Янги Ўзбекистон шароитида Наврўз том маънода умумхалқ байрамига айланиб, айни кунларда туманимизнинг қишлоқларида, маҳалла ва овулларида “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!" деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари кўтаринки кайфиятда нишонланмоқда.
Юртимизда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш, инсон қадрини улуғлашдек буюк мақсадларни амалга оширишга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида барча миллий қадриятларимиз қатори Наврўз умумхалқ байрами ҳам ўзига хос маънавий таянч бўлиб хизмат қилмоқда.
Байрам кунларида туманимиздаги меҳнат фахрийлари, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама эъзозлаш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам кўрсатиш каби хайрия тадбирлари оммавий ҳаракатга айланиб бораётгани қувонарлидир.
Айниқса бу йилги Наврўз байрамимиз мусурмон оламининг энг фазилатли ойи саналган “Моҳи Рамазон” ойига тўғри келганлигида ҳам чуқур маъно бор. Сабаби ушбу қутлуғ ойда саховатли кишиларни ён атрофдагиларига меҳри ўзгача бўлади, беморлар ҳолидан хабар олинади, халқимиз юртга тинчлик, фаровонлик тилаб қўллари дуода бўлишади.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари.
Сизларни эътиборингизни яна бир муҳим жиҳатга қаратмоқчиман. Жорий йилнинг 16-18 март кунлари бўлиб ўтган умумхалқ хашарларида барча ҳудудларда бўлгани сингари туманимизда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Қабристонлар тозаланди, хонадон ва кўчаларимизда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Дарахтларга шакл берилиб оқланди, яхши ниятлар билан ерга кўчатлар қадалди. Албатта бу эзгу ишларнинг барчаси Наврўз айёми билан ҳамоҳангдир.
Зотан, Наврўз кўнгилларимизга энг покиза туйғулар, орзу-умидлар жойлаб, улкан ютуқ ва марралар сари шижоатга чорлайди. Ушбу қутлуғ айём кунларида эртанги кунга бўлган ишончимиз янада мустаҳкамланади, барча бошлаган ва режалаштирган ишларимизни ҳалол, сифатли ҳамда ўз муддатида бажаришга бўлган масъулиятимиз янада ошади.
Истардимки, ана шу ишонч ва масъулият барчамизга ҳамиша куч ва ғайрат бағишлаб турсин!
Қадрли Нуроталиклар ҳамда шаҳримиз меҳмонлари!
Барчангизни яна бир бор уйғониш, янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми - Наврўз байрами билан чин қалбимдан табриклайман!
Ушбу янги кун жонажон юртимизга тўкин-сочинлик, ҳар бир хонадонга қут-барака олиб келсин!
Эзгу ният ва амаллар, меҳр-оқибат, меҳнатсеварлик ва шижоат қалбларимизни ҳеч қачон тарк этмасин!
Наврўзи олам муборак бўлсин!
