ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМ ТАБРИГИ
2025-01-01 01:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Янги йил кириб келишига саноқли дақиқалар қолган мана шу файзли ва шукуҳли дамларда Сиз азизларни, Сизнинг тимсолингизда оила аъзоларингизни қолаверса барча тумандошларимизни қизғин муборакбод этиб, барчангизга самимий меҳр ва эҳтиромимни билдириб, эзгу тилакларимни изҳор этишдан бағоят бахтиёрман.
Айни мана шундай унутилмас, гўзал кунда жамулжам бўлиб турган Сиз азиз тумандошларимга кириб келаётган янги йилда хонадонларингизга шоду- хуррамлик, сиҳат-саломатлик, бахту-саодат, янги омадлар олиб келишини, кексаю-ёш, қолаверса ҳар бир тумандошимизни қалбининг тўрида бўлган энг ёруғ, эзгу-орзу ниятларини ушалишини чин юракдан тилаб қоламан.
Қадрли тумандошлар,
Инсон қалбидаги орзу-ниятлар уммони ҳар биримизни эртанги кун умиди билан яшашга ундайди, айниқса, янги йил остонасидаги ўй-хаёллар чек-чегара билмайди. 2024 йилни тарихга кузатар эканмиз, йил давомида эл-юртимиз ҳаётидаги муҳим ва унитилмас воқеаларни, бошимиздан кечирган қувончли кунларни эслаб, бошланадиган янги йилда ютуқ ва муваффақиятларимиз салмоғи бунданда юқорироқ бўлишини ният қиламиз.
Маълумки, Нурота тумани минтақаси ўзининг ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий салоҳияти бўйича вилоятимизнинг ўзига хос алоҳида аҳамиятга эга туманларидан бири ҳисобланади.
Истиқлолнинг илк кунларидан эътиборан мамлакатимизда олиб борилган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли барча ҳудудларда бўлгани каби Нурота тумани ҳам ҳар томонлама ривожланмоқда, айниқса сўнги йилларда туманнинг меъморий қиёфаси тубдан ўзгариб, кўркига-кўрк қўшилмоқда, янги ижтимоий-маданий объектлар, жаҳон андозаларига мос келадиган меҳмонхона, бир-биридан шинам наьмунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар барпо этилиб, чекка ҳудудларимиздаги аҳоли яшаш жойларида бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, қишлоқларимиз тартибга келтирилмоқда.
Муҳими, ўз ҳаёт йўли, меҳнат фаолиятини туманимиз билан боғлаган халқимизнинг онги, шукуҳида ўз мустақил юрти, жонажон туманида эришилаётган ютуқлардан шукроналик ҳисси юксалиб бормоқда.
Жорий йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари қадимий Нуротада ҳам ўз аксини топганлигини, халқ фаровонлиги ва турмуш даражасини яхшилаш, фарзандларимизни комил инсонлар бўлиб етишишларига зарур шарт-шароитлар яратиб бериш ҳамда озод ва обод Ватанимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига сафарбар этиш эзгу ниятларимизга айланиб бораётганлиги кўз ўнгимизда яққол намоён бўлади.
Қадрли тумандошлар,
Тарих зарварақларига муҳурланиб бораётган 2024 йилда туманимизда амалга оширилган ишлар ва қўлга киритилган марралар хусусида узоқ тўхталиб ўтишимиз мумкин.
Ўтган йил давомида турли соҳларда қўлга киритган ютуқларимиз замирида аввало мустақиллик деб аталган бебаҳо неъмат, халқимизнинг фидокорона меҳнати, унинг тобора юксалиб бораётган онгу тафаккури, эртанги кунга бўлган ишончи, эзгу орзу интилишлари мужассамлигини ғурур ва ифтихор билан айтишимиз мумкин.
Бугун мана шу саховатли заминда яшаётган, қайси касб эгаси, қайси миллат ва элат вакили бўлмасин, барча юртдошларимиз Ватанимиз қўлга киритган ютуқлар, эришаётган марраларда менинг ҳам муносиб меҳнатим, муносиб ҳиссам бор деб бошини баланд кўтариб, мағрурланиб гапиришга тўла ҳақлимиз, бу эса айни хақиқат эканлигини халқимиз кўриб иштирок этиб, гувоҳи бўлмоқда.
Азиз тумандошлар!
Юртимизни тобора обод бўлиб, унинг қиёфаси бутунлай ўзгараётганлиги, Ватанимизнинг илдам ривожланиб боришини таъминланаётганлиги, ўзгаларнинг ҳавасини тортаётганлигининг боиси, авваламбор, мамлакатимизда тинчлик, сиёсий ва иқтисодий барқарорлик, миллатлар ва фуқаролараро тотувлиги, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат ҳукм сураётганидандир.
Янги йил арафасида турибмиз. Янги йил 2025 йил “Атроф муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт” йилида олдимизда эзгу орзу ниятлар, қатор бунёдкорлик ишларини амалга оширишдек, улкан мақсадларимиз турибди.
Уларни амалга ошириш бизнинг ўзимизга, меҳнатимизга, шижоатимизга боғлиқдир. Истиқлол йилларида юртимиз янада обод ва озод масканга айлансин. Меҳнаткаш халқимиз ҳаёти фаровон, дастурхони тўкин бўлсин.
Эшик қоқиб кириб келаётган янги 2025 йилимиз қадами қутлуғ келсин.
Кексаларимзнинг умри узоқ бўлсин, опа сингилларимиз чеҳрасида ҳеч қачон табассум аримасин, ёшларимизнинг бахту-иқболини берсин, янги йилда ҳам яратганнинг ўзи ҳаммамизни паноҳида асрасин.
Хонадонларимизда файзу-барака аримасин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!
Янги йил барчангизга яна бир бор муборак бўлсин азиз тумандошлар.
