“СЕН ИСТЕЪДОДЛИСАН” ТАНЛОВИНИНГ ТУМАН БОСҚИЧИ ЎТКАЗИЛДИ
2026-10-15 15:35:00 / Янгиликлар

Пайшанба — Ёшлар куни муносабати билан Нурота туманида “Мен ҳам шу Ватаннинг бунёдкориман” шиори остида “Сен истеъдодлисан” республика хайрия танловининг туман босқичи ўтказилди.
Тадбирда Нурота тумани ҳокими Азамат Файзиев иштирок этиб, ёшларнинг истеъдод ва қобилиятларини юзага чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда барча болалар учун тенг имкониятлар яратиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Танловда умумтаълим мактабларининг 3–9-синфларида таҳсил олаётган инклюзив таълим синфлари ўқувчилари, уйда якка тартибда таълим олаётган болалар ҳамда уларнинг соғлом тенгдошлари иштирок этди.
Иштирокчилар тасвирий санъат ва эстрада-вокал (анъанавий ижрочилик) йўналишларида ўз истеъдод ва маҳоратларини намойиш этдилар.
Танловнинг асосий мақсади — алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқариш ва истеъдодларини рўёбга чиқаришдан иборат.






