САЙИДАТО МАҲАСАЛЛАСИДА “ТУРИЗМ КЎЧАСИ” ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ
2026-09-11 11:35:00 / Янгиликлар

Нурота тумани ҳокими Азамат Файзиев Сайидато маҳалласида аҳоли билан учрашиб, ҳудуднинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, хонадонларда ҳунармандчиликни ривожлантириш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда Чашма зиёратгоҳига ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун маҳалла ҳудудида “Туризм кўчаси”ни ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Мазкур кўчада хонадонларни туризм хизматларига жалб этиш, оилавий меҳмон уйлари ва ҳунармандчилик устахоналарини ташкил этиш, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини сайёҳларга намойиш қилиш ва сотиш учун шароит яратиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, сайёҳлар кўча бўйлаб пиёда сайр қилиб, хонадонлардаги ҳунармандчилик жараёнлари билан танишган ҳолда Чашма мажмуасигача етиб бориши учун яхлит сайёҳлик йўналиши шакллантирилади. Шу тариқа, маҳалла кўчалари ҳам сайёҳлик маршрутининг муҳим қисмига айлантирилади.
Мулоқот давомида фуқароларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланиб, “Туризм кўчаси”ни ташкил этиш, хонадонларда ҳунармандчилик ва меҳмон уйлари фаолиятини йўлга қўйиш, янги иш ўринлари ҳамда қўшимча даромад манбаларини яратиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгиланди.




