Нурота туманида Глобал экологик жамғарманинг янги лойиҳаси аҳоли ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга хизмат қилади
2026-07-16 11:35:00 / Янгиликлар

Нурота тумани ҳокимлигида туман ҳокими Азамат Файзиев иштирокида Нурота тумани намунавий/мақсадли ҳудуд сифатида белгиланган БМТ Тараққиёт дастурининг янги лойиҳаси фаолияти муҳокама қилинди. Ушбу лойиҳа Глобал экологик жамғарма (ГEФ) томонидан молиялаштирилиб, БМТ Тараққиёт дастури (УНДП) томонидан Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Лойиҳа Ғарбий Тян-Шан, Нурота ва Кўҳитангтош ландшафтларида — жумладан, ушбу ҳудудлардаги 10 та муҳим биохилма-хиллик ҳудудида— экотизимларни тиклаш, яйловларни барқарор бошқаришни жорий этиш, биохилма-хилликни асраш ҳамда иқлим ўзгаришига чидамли қишлоқ турмуш тарзини ривожлантиришга қаратилган. Шу тариқа лойиҳа ҳудудларни иқлим ўзгаришига мослашиши, деградацияга учраган экотизимларни тиклаш ва қишлоқ ҳудудларининг барқарор ривожланиши бўйича устувор йўналишларга асосланга чора-тадбирларни амалга оширади.
Лойиҳанинг мақсадли ҳудудлари юқори экологик қийматга эга бўлиб, маҳаллий аҳолининг даромади чорвачилик ва табиий яйлов ресурсларига бевосита боғлиқдир. Лойиҳа томонидан олиб борилган таҳлилларга кўра, ҳаддан ташқари мол боқиш, дарахт ва буталарнинг (асосан маиший энергия эҳтиёжи учун) кесилиши, чорва молларининг назоратсиз ҳаракати, яйлов ўсимлик қопламининг деградацияси, тупроқ эрозияси, ўрмон ва бута ресурсларидан самарасиз фойдаланиш, шунингдек ортиб бораётган иқлимий босим ҳудудларда экотизимлар бузилишига олиб келувчи асосий омиллар ҳисобланади.
Мақсадли ҳудудларда маҳаллий жамоалар ва деҳқон хўжаликлари асосий даромад манбаи сифатида паст самарадорликка эга анъанавий чорвачиликка юқори даражада қарам бўлиб қолмоқда. Чорва моллари сонининг ортиши, қўшимча қиймат занжирини яратувчи технологиялардан фойдаланиш имкониятларининг чекланганлиги, муқобил бандлик ва даромад манбаларининг етишмаслиги ҳамда бозор тизимлари билан заиф интеграция яйловларга босимни янада кучайтирмоқда. Натижада яйловлар маҳсулдорлиги пасаймоқда, ўсимлик қоплами қисқармоқда, тупроқ деградацияга учрамоқда ва қишлоқ аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий барқарорлиги заифлашмоқда. Шу сабабли лойиҳа экотизимларга салбий таъсир кўрсатувчи экстенсив чорвачиликка қарамликни камайтиришга, шу билан бирга маҳаллий аҳоли даромадларини оширувчи барқарор турмуш тарзи ва иқлимга мос иқтисодий фаолият турларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади.
Туман ҳокими иштирокида ўтган учрашувда лойиҳа доирасида, маҳаллий манфаатдор томонлар, ҳусусан тумандаги аёллар жамоалари, ёшлар гуруҳлари, деҳқон хўжаликлари, яйлов фойдаланувчилари ва маҳаллий ҳокимият органлари ҳамкорликда аниқланган муқобил турмуш тарзи имкониятлари бўйича маслаҳатлашувлар ва турли тадбирларини ўтказиш, яйлов деградациясини камайтириш, барқарор яйловларни бошқаришни яхшилаш, аҳолининг иқтисодий барқарорлигини ошириш, ўсимлик қопламини тиклаш ва тупроқни ҳимоя қилиш, мақсадли ландшафтларда иқлим барқарорлигини оширишга қаратилган чора тадбирлар муҳокама қилинди.


