Тунги Нурота — бунёдкорлик ва тароват уйғунлиги
2026-07-15 10:10:00 / Янгиликлар

"Янги Ўзбекистон" бунёдкорлик ғоялари асосида Нурота тумани тобора янгича қиёфа касб этмоқда. Айниқса, тунги Нурота ўзининг ёруғ ва шинам кўчалари, салқин боғ ва хиёбонлари, жилоланиб турган фавворалари, замонавий сайилгоҳлари ҳамда кўнгилочар масканлари билан аҳоли ва меҳмонларга ўзгача кайфият улашмоқда.
Тунги чироқлар ёғдусида сайр қилаётган оилалар, ёшлар ва нуронийларнинг юзидаги мамнунлик, шаҳар ҳаётидаги ўзгаришларнинг яққол ифодасидир.
Туманда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ана шундай гўзал муҳитни янада бойитишга хизмат қилмоқда. Хусусан, Алишер Навоий ва Саидато маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида жойлашган "Чашма" тарихий-меъморий зиёратгоҳига олиб борувчи С.Сиддиқов ҳамда А.Темур кўчаларида замонавий саломатлик йўлакчалари барпо этилмоқда.
Мазкур бунёдкорлик ишлари пиёдалар учун хавфсиз ва қулай ҳаракатланиш шароитларини яратиш, зиёратчилар ҳамда маҳаллий аҳоли учун замонавий инфратузилмани шакллантириш, ҳудуднинг обод ва файзли қиёфасини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.
Бугун Нурота нафақат ўзининг бой тарихий мероси ва муқаддас зиёратгоҳлари, балки замонавий бунёдкорлик ишлари, салқин масканлари, жозибали фавворалари, обод кўчалари ва мафтункор тунги манзаралари билан ҳам барчани ўзига ром этмоқда.



