Нурота туманида “Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради!” шиори остида гала-консерт дастури бўлиб ўтди
2026-06-27 10:15:00 / Янгиликлар

“Ёшлар ойлиги” доирасида Нурота туманида ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган қатор маданий-маърифий, спорт ва тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Мазкур тадбирларнинг мантиқий якуни сифатида туман марказидаги “Амфитеатр” мажмуасида “Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради!” шиори остида тантанали гала-консерт дастури ташкил этилди.
Тадбирда туман ҳокими Азамат Файзиев иштирок этиб, ёшларни “Ёшлар ойлиги” ҳамда 30-июн – Ёшлар куни муносабати билан самимий табриклади. Шунингдек, ойлик давомида спорт мусобақалари, интеллектуал танловлар ва маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этиб, юқори натижаларга эришган бир гуруҳ ёшлар муносиб тақдирландилар.
Гала-консерт давомида туманимизнинг истеъдодли ёшлари томонидан куй-қўшиқлар, рақслар, саҳна кўринишлари ва бадиий чиқишлар намойиш этилди. Байрам дастурида ўзбек эстрадасининг таниқли хонандаси Миржалол Неъматов ҳам иштирок этиб, ўзининг севимли тароналари билан тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади.
Тадбир якунида ташкил этилган мушакбозлик томошаси байрам шукуҳини янада ошириб, йиғилганларга унутилмас таассуротлар улашди.





