ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМ ТАБРИГИ
2025-12-31 09:30:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, ҳурматли тумандошлар, шаҳримиз меҳмонлари!
Сизларни кириб келаётган 2026-йил билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Янги йил ҳар бир хонадонга тинчлик, осойишталик, фаровонлик ва қут-барака олиб келсин.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2026-йил мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани Нурота тумани учун ҳам катта масъулият ва янги имкониятлар демакдир. Зеро, маҳалла — халқ билан давлат ўртасидаги энг муҳим кўприк, жамият тараққиётининг таянчидир.
Ўтаётган 2025-йил Нурота тумани ҳаётида ҳам барқарор ривожланиш ва самарали ишларга бой йил бўлди. Туман инфратузилмасини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш даражасини ошириш йўлида қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилди. Бу ютуқлар, аввало, меҳнаткаш ва фидойи нуроталикларимиз саъй-ҳаракатлари натижасидир.
Янги 2026-йилда маҳаллаларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли мурожаатларини жойида ҳал этиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Шунингдек, иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш йўлида барча имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Ишончим комилки, сиз азиз нуроталиклар билан биргаликда 2026-йилда ҳам олдимизга қўйилган барча вазифаларни муваффақият билан бажарамиз.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, тинчлик-хотиржамлик ва меҳнат фаолиятингизда улкан ютуқлар тилайман.
Кириб келаётган Янги йилингиз муборак бўлсин!
