Орзулар сари сузиб: Асадбек Хожиев 7 та олтин медални қўлга киритди
2025-12-16 09:10:00 / Янгиликлар

Аввал хабар берганимиздек, Дубай шаҳрида бўлиб ўтган V ёшлар Пара Осиё ўйинларида Ўзбекистон ёш пара спортчилари 197 та медал — 99 та олтин, 57 та кумуш ва 41 та бронзани қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллашган эди.
Мазкур нуфузли мусобақаларда Навоий вилояти, Нурота тумани спорт бўлими ўқувчиси Асадбек Хожиев пара сузиш бўйича 7 та олтин медални қўлга киритиб, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг умумий ғалабасига муносиб ҳисса қўшди.
Тарихий ғалаба билан юртимизга қайтган тумандошимиз Асадбек Хожиев Нурота туманидаги “Чашма” тарихий-меъморий мажмуасида тантанали равишда кутиб олинди.
Тадбирида туман ҳокими Азамат Файзиев, нуронийлар, устоз-мураббийлар, спортчининг оила аъзолари ҳамда синфдошлари иштирок этиб, чемпионни юксак натижа билан самимий табриклашди.
Тадбир давомида туман ҳокими Азамат Файзиев сўзга чиқиб, Асадбек Хожиевнинг эришган ютуқлари барчамиз учун фахр экани, бу муваффақиятлар келгусида ҳам бардавом бўлишига ишонч билдирди ҳамда Асадбекка келгуси мусобақаларда ҳам улкан зафарлар тилади.





