Ўзбекистон ёш пара спортчилари Осиёда тарихий ғалабага эришди
2025-12-15 09:15:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 7–14-декабр кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган V ёшлар Пара Осиё ўйинлари Ўзбекистон спорти тарихига олтин саҳифа бўлиб ёзилди. Нуфузли мусобақада 35 та давлатдан 1500 нафарга яқин атлет 11 та спорт тури бўйича баҳс олиб борди.
Ўзбекистон ёш пара спортчилари пара енгил атлетика, пара таеквондо, боccиа, пара сузиш, пара армрестлинг ва пара пауерлифтинг йўналишларида юқори натижа кўрсатиб, жами 197 та медал — 99 та олтин, 57 та кумуш ва 41 та бронзани қўлга киритди. Ушбу натижа билан терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.
Мазкур мусобақаларда Навоий вилояти вакили нуроталик Асадбек Хожиев (100 м эркин усулда, С8), (50 м эркин усулда, С8), (100 м баттерфляй, С13), (100 м брасс, С13) Олтин медални қўлга киритди.
Тарихий ғалаба билан Ватанга қайтган делегация аъзолари “Ҳумо” Тошкент халқаро аеропортида тантанали равишда кутиб олинди. Шунингдек, пойтахтимиздаги Олимпия шаҳарчасида ғолиб ва совриндор спортчилар ҳамда уларнинг мураббийларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансур Оллоёров, Ўзбекистон Спорт вазири Адкҳам Икрамов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шахноза Мирзиёева, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, спорт жамоатчилиги вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг табриги ўқиб эшиттирилди, спортчилар ва мураббийлар эришилган улкан ғалаба билан самимий табрикланди.
Эслатиб ўтамиз, 2021-йилда Баҳрайнда ўтказилган IV Пара Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси 16 та медал билан 6-ўринни эгаллаган эди. Жорий йилги натижа эса ёш пара спортчиларимизнинг салоҳияти, матонати ва халқаро спорт майдонидаги нуфузини яққол намоён этди.
Бу ғалаба — Янги Ўзбекистон ёшларининг кучли иродаси, қатъияти ва юксак мақсадлар сари интилишининг ёрқин исботидир.





