Конституция куни
2025-12-07 19:45:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум,
Ҳурматли тумандошлар!
Сизларни халқимиз ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкам кафолати бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан чин дилдан табриклайман.
Бугун юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётган ушбу қутлуғ сана Нурота туманида ҳам «Конституция — инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!» шиори остида ўтказилаётган байрам тадбирлари орқали янада кўтаринки руҳ ва тантанавор кайфият касб этмоқда.
Асосий Қонунимиз халқимиз учун эркин ва фаровон ҳаёт асосини яратиб, жамиятимиз ривожининг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Конституциямизда белгиланган тамойиллар – инсон қадрини улуғлаш, адолатни қарор топтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш – бугунги ислоҳотларимизга аниқ йўналиш кўрсатиб бермоқда.
Нурота туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам мана шу тамойилларнинг ҳаётий ифодасидир.
Хусусан, туманда янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари фаолиятини бошламоқда, экотуризм ва зиёрат туризми салоҳияти кенгайиб, янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда, таълим ва тиббиёт муассасаларида замонавий шароитлар яратилаётгани, қишлоқларни ободонлаштириш, йўллар, электр ва ичимлик суви тармоқларини яхшилаш бўйича ишлар жадал давом этаётгани бунга яққол мисолдир.
Барча ишларимиздаги асосий мақсад — инсон қадрини юксалтириш, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш ва туманимизни келажак авлодлар учун янада равнақ топган, обод ҳудудга айлантиришдан иборат.
Ҳурматли нуроталиклар!
Ушбу қутлуғ байрам муносабати билан барчангизга соғлик-саломатлик, тотувлик, тинчлик ва барокат тилайман. Хонадонларингизда қувонч, юртимизда фаровонлик доимо ҳамроҳ бўлсин!
Бош Қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги байрами билан қутлар эканман, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилангизга тинчлик, эзгу ишларингизга омад ва зафарлар ёр бўлишини тилайман.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!
