НУРОТА ТУМАНИДА 300 МВт ҚУВВАТГА ЭГА «ЯШИЛ» ЭЛEКТР СТАНЦИЯСИ ҚУРИЛМОҚДА
2025-12-03 15:35:00 / Янгиликлар

Нурота тумани ҳокими А. Файзиев Хитой Халқ Республикасининг «Чина Энергй» компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Мазкур учрашув давомида туманда барпо этилаётган 300 мегаватт қувватга эга қуёш электр станцияси ва 150 МВт қувватли энергия сақлаш тизимини ўз ичига олган йирик энергетика мажмуаси бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Музокара давомида лойиҳа доирасидаги тайёргарлик жараёнлари, қурилиш босқичлари, техник-иқтисодий ечимлар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда аҳолининг бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, қурилиш жараёнида маҳаллий фуқароларни мавсумий иш ўринлари билан таъминлаш бўйича таклиф ва режалар кўриб чиқилди.
Мазкур лойиҳа Нурота туманида қайта тикланувчи энергия улушини сезиларли даражада ошириш, электр энергияси таъминоти барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда ҳудуднинг иқтисодий-ижтимоий ривожига катта ҳисса қўшиши кутилмоқда.



