Қурбон ҳайити яқинлашар экан, Норин туманида хайрли ва савобли тадбирлар кенг қулоч ёзмоқда.
2026-05-13 11:25:00 / Янгиликлар
Ана шундай эзгу ишлардан бири сифатида туман Ёшлар ишлари бўлими ташаббуси билан Зарбдор маҳалласидаги “Қардошлик” қабристонида ободонлаштириш ҳашари ўтказилди.

Тадбир давомида қабристон ҳудуди тозаланиб, бегона ўтлардан халос этилди, атроф муҳити тартибга келтирилди. Ҳашарда маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этди.
Юртимизда муқаддас қадамжоларни эъзозлаш, аждодлар хотирасига ҳурмат кўрсатиш азалий қадриятлардан бири ҳисобланади. Айниқса, муборак айёмлар арафасида қабристонларни обод этиш халқимизга хос эзгу анъаналарнинг амалий ифодасидир.
Айни кунларда туманнинг турли ҳудудларида жойлашган қабристонларда ҳам кенг кўламли ҳашар ва ободонлаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Бу каби тадбирлар аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.





