Қабул қилинган қонунларнинг мазмуни ва аҳамияти ҳақида
2025-07-29 15:00:00 / Янгиликлар

Қабул қилинган қонунларнинг мазмуни ва аҳамияти ҳақида
Қабул қилинган қонунлар асосан Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини, фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга қаратилган бўлиши лозимлиги, шунингдек ҳар томонлама ҳимоя қилишга асос қилиб олиниши керак.
Ушбу қабул қилинган қонунлар қаторида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, миллий қонунчилик базаси халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган нормалари мустаҳкамланиб бормоқда. Ўзбекистон тарихида илк бор 2019 йил 2 сентябрда "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги ҳамда "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунлар қабул қилинди.
Ушбу қонун ҳужжатлари хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни ҳам тартибга солади. Куч ишлатиш ва зўравонликни бошидан кечирган шахсларни ҳимоя қилиш, жамиятда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва зўравонликнинг ҳар қандай шаклига муносабат муҳитини жорий этишни кафолатлайди.
Шунингдек, 2019 йилда зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар учун "ҳимоя ордери" институти жорий этилди. Ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга давлат ҳимоясини берувчи ҳужжат ҳисобланади. Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун амалга киритилди.
Мазкур ҳужжат бугунги кунда ҳуқуқни қўллаш амалиётида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда бир қатор муаммолар мавжудлигини, хусусан, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсга давлат ҳимоясини берувчи ордернинг амал қилиш муддати (30 кун) хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини етарли даражада ҳимоя қилишни таъминлаш имконини бермаганлиги сабаби сифатида баён этилган. Қабул қилинган қонун билан эса эндиликда аёлларга тазйиқ ўтказиш ва зўравонликдан ҳимоя ордерининг муддати бир йилгача жиноят ишлари бўйича судлар томонидан узайтирилиши белгилаб қўйилди.
Ҳимоя ордери берилган кўпчилик хотин-қизлар қайта зўравонликка учраган. Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома бўйича тўпланган материал судга келиб тушган вақтдан эътиборан 24 соат ичида ёпиқ суд мажлисида жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахснинг иштирокида кўриб чиқилади. Судья иш материаллари билан танишиб чиқиб, иш якуни бўйича қарор қабул қилади. Ушбу қарорда ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор қабул қилинган вақт ва жой ҳақидаги маълумотлар, қарорни қабул қилган суднинг номи, судьянинг, тарафларнинг, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, шунингдек, машғулотининг тури ва яшаш жойи, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар кўрсатилади.
Қонунда ушбу муддатларнинг бир йилгача белгиланиши аёлларимизга етарли даражада психологик, ижтимоий, ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши ва иш билан таъминланиши ҳамда ҳуқуқбузарликлар камайишига ёрдам беради.
Нукус туманлараро маъмурий
судининг судьяси К.Р.Бабаназаров.
