НИШОН ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ РАҲБАРИ, АХБОРОТ СИЁСАТИ МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА ТУМАН ҲОКИМИНИНГ МАСЛАҲАТЧИСИ — МАТБУОТ КОТИБИ ОЙБЕК ТОЖИЕВНИНГ ТУМАН АҲОЛИСИ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ВАКИЛЛАРИГА МУРОЖААТИ
2026-10-11 14:00:00 / Янгиликлар

НИШОН ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ РАҲБАРИ, АХБОРОТ СИЁСАТИ МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА ТУМАН ҲОКИМИНИНГ МАСЛАҲАТЧИСИ — МАТБУОТ КОТИБИ ОЙБЕК ТОЖИЕВНИНГ ТУМАН АҲОЛИСИ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ВАКИЛЛАРИГА МУРОЖААТИ
Ассалому алайкум, ҳурматли Нишон тумани аҳолиси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари!
Бугунги кунда мамлакатимизда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари фаолиятининг жамоатчилик учун очиқлигини ошириш ҳамда аҳоли билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, Нишон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати фаолиятининг асосий мақсади — туманда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, эришилаётган ютуқлар ва аҳолини қийнаб келаётган долзарб масалалар ҳақида жамоатчиликка тезкор, холис ва ишончли ахборот етказиш, шунингдек, ҳокимлик ва аҳоли ўртасида очиқ мулоқотни мустаҳкамлашдан иборат.
Бугунги кунда туманимизда ҳам мамлакатимиз Президентининг ташаббуслари асосида вилоят ҳокими Муротжон Азимов ҳамда туман ҳокими Ботир Тоғаев раҳбарлигида Нишон туманини ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани яхшилаш ва ҳудудларни обод қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар сиёсати, спорт, маданият, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, аҳоли бандлиги ва ижтимоий ҳимоя йўналишларида олиб борилаётган ишлар, янги лойиҳалар, ташаббуслар ҳамда инсонлар ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришларни кенг ёритиш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, амалга оширилаётган ишлар ҳақида аҳолига ўз вақтида ва ҳаққоний ахборот бериш жамоатчиликнинг хабардорлигини оширади, ташаббусларни қўллаб-қувватлашга ва мавжуд муаммоларга ечим топишга хизмат қилади.
Ҳурматли тумандошлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари!
Сизларни Нишон туманида амалга оширилаётган янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ўзгаришлар, эришилаётган ютуқлар ҳамда аҳоли ҳаётига дахлдор масалаларни кенг жамоатчиликка етказишда фаол ҳамкорлик қилишга чақираман.
Айниқса, тумандаги мавжуд имкониятлар, ташаббускор инсонлар, ўз меҳнати билан муваффақиятга эришаётган юртдошларимиз, янги иш ўринлари, инвестиция лойиҳалари ва ёшлар ютуқларини ёритиш орқали ҳудудимизнинг салоҳиятини кенг намоён этишимиз мумкин. Шу билан бирга, аҳолини қийнаётган муаммолар, таклиф ва ташаббусларни холис ўрганиш, уларни тегишли ташкилотлар ва масъуллар эътиборига етказиш ҳам ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналишларидан бўлиши лозим.
Оммавий ахборот воситалари вакилларидан туманда олиб борилаётган ишларни ёритишда ҳамкорлик қилишни, долзарб мавзуларга эътибор қаратишни, зарур маълумотларни аниқлаштириш ва масъуллардан изоҳ олишда Ахборот хизмати билан ўзаро алоқада бўлишни сўрайман. Ўз навбатида, Ахборот хизмати ҳам журналистлар ва блогерларнинг қонуний сўровлари, таклифлари ҳамда ташаббуслари юзасидан белгиланган тартибда ҳамкорлик қилишга тайёр.
Аҳолимиздан ҳам туман ҳаётига оид янгиликлар, муҳим ташаббуслар, долзарб масалалар ва ёритилиши лозим бўлган мавзулар юзасидан ўз таклифларини билдиришларини сўрайман. Сизнинг фикр ва таклифларингиз тумандаги жараёнларни янада кенгроқ ёритиш, жамоатчилик манфаатларига дахлдор масалаларга эътибор қаратиш учун муҳимдир.
Фуқаролар ўз мурожаат ва таклифларини @Nishon_t_murojaatbot Telegram боти орқали ҳам юборишлари мумкин. Келиб тушган мурожаатларнинг мазмунидан келиб чиқиб, тегишли масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда уларни ўрганиш, ваколат доирасида ёритиш ва масалаларнинг ечими юзасидан жамоатчиликни хабардор қилиб боришга эътибор қаратилади.
Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Ахборот хизматининг вазифаси фақат амалга оширилаётган ишлар ҳақида хабар бериш билангина чекланмайди. Унинг муҳим вазифаларидан бири — аҳоли ва давлат органлари ўртасида самарали ахборот алмашинувини таъминлаш, жамоатчиликни қизиқтирган саволларга аниқлик киритиш, долзарб мавзуларни кун тартибига олиб чиқиш ҳамда тумандаги воқеа-ҳодисаларни холис ва ҳаққоний ёритишга кўмаклашишдир.
Ишонаманки, аҳоли, журналистлар, блогерлар ва барча ҳамкор ташкилотлар билан ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликка асосланган ҳамкорлигимиз орқали Нишон туманида амалга оширилаётган ишлар ва ўзгаришларни янада кенгроқ ёритишга, мавжуд муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратишга ҳамда ҳудудимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга эришамиз.
Ҳурматли тумандошлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари!
Сизларни Нишон тумани ҳаётига бефарқ бўлмасликка, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни кенг ёритишга, долзарб масалалар ва ташаббусларни илгари суришга, туманимиз равнақи йўлида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга чақираман.
Эътиборингиз учун раҳмат!
Ҳурмат билан,
Нишон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари,
ахборот сиёсати масалалари бўйича туман ҳокимининг маслаҳатчиси — матбуот котиби Ойбек Тожиев.
