Нишон туманида ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича амалий семинар ўтказилди
2026-09-26 13:25:00 / Янгиликлар

Нишон туманида ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича амалий семинар ўтказилди
Нишон туманида битирувчи ҳамда миграциядан қайтган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик ва даромадли фаолиятга жалб этишга қаратилган амалий семинар ўтказилди.
Жумладан, «Пахтаобод» маҳалласида ташаббускор ёш тадбиркор томонидан 1 гектар майдонда умумий қиймати 700 миллион сўм бўлган иссиқхона лойиҳаси ташкил этилган. Бу ерда бодринг етиштириш йўлга қўйилиб, 26 нафар ишсиз ёшнинг бандлиги таъминланган.
Иссиқхонада замонавий технологиялардан самарали фойдаланилмоқда. Хусусан, томчилатиб суғориш, қуёш фотоэлектр станцияси, қуёш концентратори орқали иситиш, ҳаво алмашинуви ва шамоллатиш тизимлари жорий этилган.
«Қирққўлоқ» маҳалласида эса 15 нафар ёшга жами 15 гектар ер майдони ажратилган. Шунингдек, 6 нафар ишсиз ёшга ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 6 та молхона қуриб берилиб, ҳар бирида ўртача 35 бошдан қўй-қўзи боқилмоқда. Мазкур лойиҳаларнинг умумий қиймати 1 миллиард сўмни ташкил этади.
Шунингдек, раҳбар ва ёшлар учрашувида ёшларнинг мурожаатлари тингланди. Учрашув доирасида 20 нафар битирувчи давлат ва нодавлат ташкилотларига ишга жойлаштирилди.
Айрим ёшларнинг имтиёзли кредитлар асосида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича мурожаатлари ижобий ҳал этилди. Шу билан бирга, 22 нафар ёшни 5 кун муддатда иш билан таъминлаш ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишига кўмаклашиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Амалий семинар давомида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва даромадли фаолиятга жалб этиш бўйича амалий чора-тадбирлар муҳокама қилинди.









