Ўзбекистон ва Греция ўртасидаги маданий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
2025-11-05 09:15:00 / Янгиликлар

"Авваламбор, сизни инсоният тарихида ўчмас из қолдирган, улкан маданий ва маънавий меросга эга бўлган Самарқанд шаҳрида қабул қилаётганимиздан жуда мамнунман. асрлар давомида турли халқлар ва цивилизациялар учрашган, ҳамжиҳатлик ва эзгулик рамзи бўлиб келган.
Бугунги учрашувимиз, икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатлар ва маданий ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайдиган янги саҳифа бўлишига ишонаман.
Давлатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий муносабатлар билан бир қаторда, маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд, деб ҳисоблайман.
Шу нуқтаи назардан, менимча, ҳозир айнан шу йўналишда янги саҳифа очиш учун энг тўғри, энг муносиб фурсатдир.
Шуни ҳам самимият билан таъкидламоқчиманки, Юнонистон алломаларининг илм-фан, санъат ва маданият соҳаларидаги беқиёс ҳиссаси бутун инсоният тараққиётига йўл очган, кўплаб халқлар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилган.
Биз, азалий тарих ва бой маданий меросга эга давлатларнинг маданият вазирлари сифатида, биргаликда амалга оширишимиз мумкин бўлган мақсад ва вазифалар кўп деб ҳисоблайман.
Шу муносабат билан, икки вазирлик ўртасида тўғридан-тўғри ва доимий мулоқот ўрнатилиб, ҳеч қандай тўсиқ ёки бюрократик ғовларсиз, самимий дўстлик ва ўзаро ҳурмат руҳидаги муносабатларимиз изчил давом эттирилишини истардим." - деди вазир Озодбек Назарбеков мулоқот давомида.
Ушбу учрашув икки давлатнинг маданият соҳасидаги ҳамкорликнинг янги, юқори босқичга олиб чиқишида ҳамда тарихий алоқаларни янги маънода тиклаш йўлидаги муҳим қадам бўлишлигига ишонч билдирилди.
Учрашув давомида соҳа юзасидан икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида “Греция маданияти кунлари”, Афина ва Салоникида эса “Ўзбекистон маданияти кунлари”ни ўтказиш таклифи, икки мамлакат санъат муассасалари ўртасида қўшма концерт дастурларини йўлга қўйиш: Афина ёки қадимий Эпидавр ҳамда Делфи саҳналарида Ўзбекистон Давлат симфоник оркестри концертини ташкил этиш, Ўзбекистон ва Греция маданият соҳасидаги вазирликлар, муассасалар ва ижодий уюшмалар ходимлари ўртасида касбий малака ошириш ва тажриба алмашиш дастурини йўлга қўйиш, икки давлат Маданият вазирликлари ўртасида 2026–2028 йилларга мўлжалланган Маданий ҳамкорлик дастурини имзолаш каби таклифлар маълум қилинди.
Учрашув Ўзбекистон ва Греция ўртасидаги маданий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш ва халқларимизнинг дўстлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

