Жаҳон банки вакиллари билан ҳамкорлар алоқаларини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди
2025-10-30 17:00:00 / Янгиликлар

Учрашувда Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенҳассин, Жаҳон банкининг Ўзбекистон бўйича дастур координатори Анастассия Александрова ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳомжон Умрзаков иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини атрофлича муҳокама қилди. Хусусан, Халқаро тараққиёт ассоциацияси (IDA) билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилувчи юқори самарали лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётининг изчил ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган истиқболли ташаббусларни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида томонлар макроиқтисодий кўрсаткичларни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш, халқаро молия ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик жараёнларини ривожлантириш ҳамда истиқболдаги устувор режалар юзасидан фикр алмашди.
Музокаралар якунида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, доимий ва самарали мулоқот механизмларини йўлга қўйиш ҳамда иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.
