2023 йилнинг 28 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳромжон Аълоев Европарламентнинг Ўзбекистон бўйича маърузачиси Илҳан Кючюк билан учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, Европарламентнинг 2023 йил 4 октябрдаги мамлакатимизга оид маърузасининг асосий бандлари муҳокама қилинди.
Қонун чиқарувчи органлар ўртасидаги мунтазам ва самарали алоқалар Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг муҳим таркибий қисми экани таъкидланди. Шу нуқтайи назардан парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш, ўзаро ташрифларни ташкил этиш ва норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Халқаро ва минтақавий кун тартибининг айрим масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.