Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2023
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Cабзавотчилик — озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим тармоқ

2023-05-26 | Жамият

Дунёда сабзавотнинг 1200 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, шундан 600 га яқини маҳаллийлаштирилган ва аҳоли истеъмоли учун фойдаланиб келинмоқда. 

Маҳсулот турларининг хилма-хилллиги бўйича Япония дунёда биринчи ўринда туради ва бу мамлакатда сабзавот, полиз экинлари ҳамда картошканинг 250-300 га яқин тури етиштирилади. Россия Федерациясида 200 дан ортиқ шу турдаги экин экилади. Ўзбекистонда эса бор-йўғи 40 га яқин савзавот турларидан фойдаланиб келинмоқда. Албатта,  бу олимларимиз зиммасига сабзавот турларини кўпайтириш, халқимизнинг бундай маҳсулотларга бўлган талабини қондириш вазифасини қўймоқда.

Тошкент шаҳрида  ўтказилган “Сабзавот, полиз ва картошкачилик  соҳасида эришилган илмий ютуқлар, муаммолар ва уларнинг ечимлари, ишлаб чиқариш билан интеграция” мавзуидаги халқаро илмий-амалий анжуманда хорижий ва маҳаллий олимлар айнан шу хусусда фикр юритди ва ўзаро тажриба алмашишди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти — ФАО билан ҳамкорликда Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти томонидан ташкил этилган мазкур халқаро анжуманда дунёнинг 20 дан ошиқ мамлакатидан соҳага алоқадор мутахассис ва экспертлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов қайд этганидек, бу анжуман Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ташкил топганининг 90 йиллиги нишонланаётган кунларда ўтказилаётгани ҳам рамзий маънога эга. Институтда селекция ва уруғчиликни ривожлантириш бўйича 2016 йилдан буён 40 та илмий лойиҳа, шу жумладан, 2022 йилда давлат илмий-техник дастурлари доирасида жами 11 та, яъни 6 та амалий ва 5 та инновацион лойиҳалар бўйича тадқиқотлар олиб борилгани эътиборга молик.

Таъкидланганидек, институт олимлари томонидан сабзавот, полиз экинлари ва картошканинг 230 дан ортиқ нав ҳамда дурагайлари яратилган. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия  этилган қишлоқ  хўжалиги экинлари Давлат реестрига сабзавот, полиз ва картошканинг 32 тури бўйича 181 та навлар киритилган. Интелектуал мулк агентлигидан 14 та нав патентлаштирилган бўлиб, жами 195 та, хусусан, сабзавотнинг 142, полиз маҳсулотларининг 41, картошканинг 12 нави  селекция ютуғи сифатида ишлаб чиқаришга жорий этилган. Бугунги кунда институтнинг 14 та лабораториясида, 9 та илмий-тажриба станцияси ва тажриба участкаларида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Анжуманда  Халқаро сабзавотчилик маркази директори ўринбосари Роланд Шафляйтнер, Халқаро картошкачилик маркази худудий координатори Вахтанг Мшвидобадзе zoom орқали, Венгрия Қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети қошидаги Картошкачилик илмий маркази директори Жолт Польгар, Халқаро боғдорчилик институти президенти Ёнг-Беом Лее бевосита иштирок этиб, юртимиз олимлари билан тажриба алмашди. 

— Маълумотларга кўра, дунё миқёсида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи тобора долзарб бўлиб бормоқда, — дейди  Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Анвар Раҳматов. — Шу боис дунё олимлари бу муаммонинг ечимини топишга бел боғлаган. Асосий эътибор озиқ-овқат ишлаб чиқариш саноатига замонавий стандартлар ва қўлланмалар яратиш, бу борадаги халқаро меъёрларни жорий этишга қаратилмоқда.

Айтиш жоизки, Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги илғор тажрибаси халқаро миқёсда кенг қўлланилмоқда. Юртимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари табиий шароитда пишгани, ширин таъми ва витаминларга бойлиги билан ажралиб туради. Шу жиҳатдан, олимларимиз сабзавот ва картошканинг янги навларини яратиш бўйича изланишлар олиб бораётир. Шундай экан, сабзавот турларининг янги навлари ҳамда чет элдан келтирилган навларини интрадукция қилиш, уруғчиликни йўлга қўйиш, агротехнологияларни ўзлаштириш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳам бугунги кун талаби.

Тадбир давомида хорижий ва маҳаллий илмий-тадқиқот муассасалари олимларининг “Очиқ майдон учун сабзавот ва полиз экинлари селекцияси”, “Маҳсулот етиштиришнинг замонавий технологиялари”, “Картошка селекцияси ва уруғчилиги”, “Сабзавот, полиз ва картошкачиликда биотехнология”, “Сабзавот, полиз, картошка экинларини сақлаш ва қайта ишлаш технологиялари” мавзуларида маърузалари тингланди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Поделиться