Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2023
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши тўғрисида

2023-01-25 | Сиёсат

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси раислигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 26-йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари, ИҲТ Бош котиби Хусрав Нозирий, шунингдек, Ташкилотнинг ихтисослаштирилган агентликлари, минтақавий институтлари ва аффинланган органлари вакиллари иштирок этдилар.

Йиғилиш очилишида сўзлаган нутқида, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов 2022 йили ИҲТ бўйича ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш доирасида ва Ўзбекистон раислиги концепциясига мувофиқ муҳим тизимли ишлар амалга оширилганини таъкидлади. 

2022 йил Ўзбекистон Раҳбарининг ташаббуси билан «ИҲТда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилиниши Ташкилот доирасидаги ҳамкорликка янгича суръат бахш этди. Ташқи ишлар вазирлари кенгаши Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича юқори даражадаги Мулоқот платформаси яратилишини маъқуллади. Бу эса Президентиминзнинг яна бир ташаббуси амалга ошганидан далолатдир. Тузилма фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишнинг янги механизми ишга туширилди. ИҲТ самарадорлигини оширишга қаратилган Юқори даражадаги қўмита ташкил этилди. 

Раислик жараёнида турли йўналишларда қатор муҳим тадбирлар, жумладан, ИҲТни ислоҳ қилиш жараёнини муҳокама қилиш юзасидан «ақлий ҳужум», қайта тикланувчи энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқалар бўйича учрашув ва йиғилишлар ўтказилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Тошкент декларацияси ва Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Самарқанд декларацияси қабул қилинди. Кўҳна Шаҳрисабз шаҳри 2024 йилда ИҲТнинг сайёҳлик пойтахти этиб белгиланди. 

Б.Саидов Ўзбекистон томонининг анъанавий ва янги йўналишларда давлатлараро ва минтақалараро мулоқотни жадал ривожлантиришга тайёрлигини тасдиқлади. 

ИҲТ бош котиби Хусрав Нозирийнинг таъкидлашича, Ташкилот Ўзбекистоннинг 2022 йилда ИҲТни янада ривожлантириш, минтақада ўзаро тараққиёт ва фаровонлик кун тартибини таъминлашга қаратилган раислигини юксак қадрлайди. ИҲТ фаолиятида республиканинг ўрни ортиб бораётгани, бу Ташкилотнинг ўсиши ва ривожланишига ижобий ҳисса қўшаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг минтақавий интеграцияни таъминлаш учун ҳамкорликни кенгайтириш орқали муштарак тараққиёт кун тартибини бойитиш бўйича ташаббусларини амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди. Ўзбекистоннинг барча таклифлари жуда долзарб бўлгани сабабли, барча аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватлангани эътироф этилди.

Тошкент учрашуви доирасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада жадаллаштириш, транзит-транспорт имкониятларини кенгайтириш, иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини топиш, минтақавий туризмни фаоллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Энергетика, ижтимоий фаровонлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида кооперацияни ҳар томонлама илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.

Давр талабидан келиб чиққан ҳолда, Ташкилот фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон томонига ИТҲда фаол ва самарали раислик ҳамда Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишини ташкилий ва мазмуний жиҳатдан юқори даражасида ўтказгани учун миннатдорлик билдирдилар.

Мазкур тадбир билан ИҲТда Ўзбекистон Республикаси раислигининг якунланди. Ташкилотга раислик Озарбайжон Республикасига ўтди.

Учрашув якунлари бўйича Тошкент коммюникеси қабул қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги

Поделиться