Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот: янги лойиҳалар, янги имкониятлар
2025-11-10 16:30:00 / Янгиликлар

Тадбирда Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, тегишли ташкилотлар вакиллари ҳамда бир гуруҳ фаол тадбиркорлар иштирок этди.
Учрашув давомида хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Тадбирда иштирокчилар ўзлари томонидан ишлаб чиқилган, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳаларни тақдим этдилар. Лойиҳаларда хизмат кўрсатиш, тикувчилик, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ҳамда ҳунармандчилик йўналишларида амалга ошириладиган янги ташаббуслар илгари сурилди.
Зулайҳо Махкамова тадбиркорлар томонидан билдирилган таклиф ва ғояларни тинглаб, уларни амалга оширишда Қўмита ва ҳудудий ташкилотлар томонидан зарур кўмак ва маслаҳатлар берилишини таъкидлади. Шунингдек, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва маҳаллаларда хотин-қизлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Учрашув очиқ мулоқот руҳида ўтди. Иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар келгусида амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ўз аксини топиши белгиланди.
