Марказий Осиё давлатлари аграр ҳамкорлиги янги босқичга чиқмоқда
2025-11-10 16:15:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича бир қатор янги ташаббусларни илгари сурди.
Биринчидан, Марказий Осиёда ўсимликларни муҳофаза қилиш ва зараркунандаларга қарши тезкор жавоб тизимини яратиш таклиф этилди. Ушбу тизим минтақа мамлакатлари ўртасида маълумот алмашиш ва зараркунандаларга қарши биргаликда чоралар кўришни таъминлайди.
Иккинчидан, “Марказий Осиё рақамли аграр альянси” ҳамда минтақавий рақамли қишлоқ хўжалиги платформасини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Платформа рақамли технологияларни жорий этиш ва инновацион форумларни ўтказиш учун хизмат қилади. Биринчи форумни Тошкентда ўтказиш таклиф этилди.
Учинчидан, вазир “Агробиологик билимлар ва инновациялар маркази”ни ФАО кўмагида Тошкентда ташкил этишни таклиф қилди. Марказ минтақавий ўқув ва малака ошириш дастурларини амалга оширади ҳамда қўшма илмий-амалий лойиҳаларни ривожлантиради.
Тўртинчидан, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатлар учун аграр-инновацион ҳаб яратиш ташаббуси илгари сурилди. ФАО ва БМТ кўмагида амалга ошириладиган ушбу лойиҳа инновацияларни кенг жорий этиш, фермерларни қўллаб-қувватлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Йиғилиш якунида минтақавий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, инновацияларни жорий этиш, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган Марказий Осиё Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасида қўшма декларация ҳамда 2030 йилгача минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган Ҳаракатлар режаси имзоланди.
Мазкур ҳужжатлар минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш, аграр соҳада билим ва технологиялар алмашинувини кенгайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда биргаликдаги ташаббусларни илгари суришда муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.


