ҲОКИМ ТАБРИГИ
2025-09-01 07:05:00 / Янгиликлар

МУСТАҚИЛЛИК – ЮРТИМИЗНИНГ ЭНГ УЛУҒ БАЙРАМИ
Навоий шаҳри ҳокими Дилмурод Эргашевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан шаҳримиз аҳлига байрам табриги
Азиз навоийликлар!
Ҳурматли ҳамшаҳарлар!
Ўтаётган ҳар бир йилнинг 1 сентябрь санаси мамлакатимиз ва юртдошларимиз ҳаётида муҳим тарихий сана ҳисобланади. Бу бежиз эмас. Чунки, бундан роппа-роса 34 йил муқаддам шу кун арафасида Ўзбекистон давлати ва халқи ўзининг миллий мустақиллигини қўлга киритди. Бу эса мамлакатимиз ва юртдошларимиз учун беқиёс имкониятлар яратди. Шундан буён ўтган 34 йил мамлакатимиз учун ҳақиқий бунёдкорлик даврига айланди. Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий жабҳаларда мислсиз тараққиёт йўлини босиб ўтди. Тарихий илдизлари бақувват, истиқболи порлоқ давлатни дунё таниди. Ўз навбатида навқирон ва мустақил Ўзбекистон ҳам дунёга юз очди. Халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди.
Бугун мамлакатимизнинг ҳамма жойида кўтаринкилик руҳи, байрам кайфияти ҳукмрон. Чунки, қутлуғ байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги давлатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг барча йўналишларида қувончли натижаларнинг қўлга киритилиши билан кутиб олинмоқда. Жумладан, буюк мутафаккир Алишер Навоий номи билан аталган вилоятимиз маркази аҳли ҳам муборак байрамимизга шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фарвонлигини янада юксалтириш борасида ижобий кўрсаткичларга эришган ҳолда арзигулик совға ҳозирлашди. Мен ана шундай шукуҳли дамларда сизларни Мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами билан муборакбод этаётганлигимдан ғоятда бахтиёрман.
Шаҳримиз ҳудудидаги йирик корхона ва ташкилотлар, муассасаларда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросига мувофиқ “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” эзгу ғояси ҳамда Юртбошимиз томонидан 7 февралда қабул қилинган “Буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий ижодий меросини юртимиз ва жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш ҳамда Навоий вилоятида "Алишер Навоий йили"ни юқори даражада ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш мақсадида муҳим тадбирлар амалга оширилди.
Хуллас, навоийликлар мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрамини Ватанимизнинг эртанги истиқболига юксак ишонч руҳидаги бунёдкорона меҳнат, аҳилик ва иноқликда муносиб меҳнат совғалари билан кутиб олишаяпти.
Жумладан, Инвестиция дастури бўйича йилнинг август ойигача умумий қиймати 8,5 млн доллардан ортиқ бўлган 41 та лойиҳа ишга туширилиб, натижада 251 та иш ўринлари яратилди. Жумладан, “SAIDAKMAL PHARM” МЧЖ томонидан умумий қиймати 32,4 млрд сўмлик “Диагностика даволаш ва дорихона хизматини ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилиши натижасида 15 киши иш билан таъминланди. “TIANCHENG STONE" МЧЖ томонидан 22,4 млн долларлик гранит маҳсулотлари экспорти амалга оширилди. Бундан ташқари "NAVOIY MILLING" МЧЖ ХК томонидан фосфорит кукуни, "UNIVERSALAGRO" МЧЖ ХК томонидан қовурилган писта, "UZBEKISTAN HYDROGEN PEROXIDE" МЧЖ томонидан водород пероксиди ва "BLEND MIX" МЧЖ томонидан қурилиш материаллари экспорти амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2025 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Навоий шаҳрида жорий йилда 240 млн доллар миқдоридаги хорижий инвестициялар жалб қилиш режалаштирилган. Жорий йилнинг январ-август ойларида 55,3 млн доллар ҳажмида хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Жумладан “PRESTIJ MILLENIUM” МЧЖ томонидан “Транспорт хизматини ташкил этиш” лойиҳаси доирасида 15 млн доллар миқдорида хорижий кредит ўзлаштирилди.
Бундай ижобий меҳнат натижалари хусусида узоқ гапириш мумкин. Энг асосийси, шу кеча-кундузда мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқлари сингари Навоий шаҳримиз ҳам байрам оғушида. Ҳамшаҳарларимиз мустақиллигимизнинг 34 йиллигини катта шоду хуррамлик, истиқлолимизнинг абадийлиги, она Ватанимизнинг порлоқ истиқболига ишонч руҳида, мамлакатимиз тараққиёти йўлида янги, янада залворли марраларни кўзлаган ҳолда нишонламоқдалар.
Азиз ҳамшаҳарлар!
Қадрли навоийликлар!
Сизларни яна бир бор Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 34 йиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман. Барчангизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва омад тилайман!
Юртимиз тинч, Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
