ФАОЛИЯТ
2025-08-13 15:10:00 / Янгиликлар

МАКТАБЛАРДА ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИГА ТАЙЁРГАРЛИК ИШЛАРИ ЎРГАНИЛДИ
Бугун Навоий шаҳри ҳокими Дилмурод Эргашев, шаҳар прокурори Бобурмирзо Облақулов ҳамда тегишли соҳа масъуллари шаҳардаги 7-, 11- ва 17-умумтаълим мактабларида бўлишди.
Жараёнда таълим муассасаларида олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш жараёнлари, синф хоналари, стадионлар, спорт заллари, кутубхоналар ва ёрдамчи инфратузилмалар ҳолати ўрганилди. Шунингдек, янги ўқув йилига тайёргарлик доирасида ўқувчиларга қулай ва замонавий шароит яратиш, дарсликлар, мебел ва техник жиҳозлар билан таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.
Масъулларга қурилиш-таъмирлаш ишларини белгиланган муддатларда ва сифат талабларига риоя қилган ҳолда якунлаш, санитария-гигиена талабларига тўлиқ амал қилиш ҳамда ўқув жараёни бошланишидан аввал барча камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, учрашув давомида таълим сифати ва педагоглар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда мактаб ҳудудларида хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича тавсиялар билдирилди.









