ДОЛЗАРБ
2025-06-04 17:05:00 / Янгиликлар

Навоий вилоятида жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди
Конимех туманида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг сайёр мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлис қатнашчилари вилоятда коррупцияга ва жиноятчиликка қарши самарали курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни кенг муҳокама қилиб, соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўлларини таҳлил этди.
Қайд этилганидек, айрим ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар сони ошиб бораётгани ва аҳоли ўртасида ҳуқуқий билимлар етишмаслиги каби масалаларга жиддий эътибор қаратиш лозим. Шу муносабат билан ушбу муаммоларни ҳал этишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жойлардаги ҳокимият органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Жойларда аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, коррупциявий хавф омилларини бартараф этиш, мансабдор шахсларнинг масъулиятини кучайтириш, профилактик тадбирларни изчил амалга ошириш ва ҳудудларда хавфсизликни таъминлашга доир бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунингдек, шаффофликни таъминлаш, аҳоли муаммоларини ҳал этишга қаратилган янги ёндашувларни жорий этиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш каби масалалар бўйича тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Тадбир якунида давлат органлари ва жамоатчиликнинг ҳамкорлигини кучайтириш, фуқароларнинг давлат идораларига ишончини мустаҳкамлаш, одамларни рози қилишга қаратилган чоралар белгиланди.









