ҲОКИМ ТАБРИГИ
2025-06-06 07:05:00 / Янгиликлар

НАВОИЙ ШАҲАР ҲОКИМИ ДИЛМУРОД ЭРГАШЕВНИНГ ҚУРБОН ҲАЙИТИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ
Қадрли юртдошлар!
Азиз ҳамшаҳарлар!
Муборак Қурбон ҳайитининг халқимиз маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ниҳоятда қадрлидир. Инсонларнинг сабр-қаноатли, меҳр-оқибатли бўлишга чорловчи қалбларни эзгулик зиёси билан нурафшон этувчи Қурбон ҳайит байрами 6-июн куни мамлакатимизга кенг нишонламоқда. Миллий-диний қадриятлар сифатида улуғланадиган ушбу байрам барчамизга муборак бўлсин.
Президентимиз раҳнамолигида юртимизда эътиқод эркинлигини таъминлаш, миллий ва диний қадриятларни тиклаш ва ривожлантириш, буюк аждодларимизнинг бой илмий ва маданий меросини ўрганиш, муқаддас қадамжоларни таъмирлаш ва ободонлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва бу борадаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барча қадамжолар ободонлаштирилиб, кўркам зиёратгоҳларга айлантирилди. Буюк аждодларимизнинг юбилей саналари кенг миқёсда нишонланаётгани ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилаётир.
Халқимизнинг кўҳна қадриятлари, миллий урф-одат ва анъаналари мамлакатимизда кўтаринки руҳда кутиб олинаётган Қурбон ҳайити муносабати билан ўтказилаётган тадбирларда ҳам ўз аксини топмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Муқаддас Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жойларда ўтказилаётган тадбирларда ана шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу айём ҳар бир инсон қалбида беназир туйғуларни бахш этиш билан бирга барча-барчамизни самимийликка, кечиримлилик ва ҳамжиҳатлиликка ҳамда иноқ бўлишга ундайди. Бу муборак кун арафасида қўни-қўшнилар, маҳалладошлар бир-бирларидан кўнгил сўрашиб, беморлар ҳолидан хабар олишади. Поклик ва ҳаллолликка йўғрилган бу байрам ана шундай гўзал жиҳатлари билан янада аҳамиятлидир.
Халқимиз азалий урф-одатларига садоқат билан ёндашади. Қутлуғ байрам кунларида ўтганларнинг руҳини шод этиш мақсадида қабристонларни зиёрат этиб, ободлигига эътибор қаратиш ҳам раҳмат ва мағфират ойининг ўзига хос хусусиятларидан биридир.
Азиз ҳамшаҳарлар!
Ушбу арафа кунлари шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, яқин кунларда биз Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 34 йиллик байрамини кенг нишонлаймиз. Байрамга туёна сифатида гўзал шаҳримизни кундан-кунга чирой очиб, кўркамлашиб бораётганлиги аввало, сизнинг шижоатга тўла қалбингиз, заҳматли меҳнатларингиз самарасидир. Аллоҳ эзгу мақсадлар ила юрт равнақи, жамият тинч-тотувлиги, аҳоли турмуш фаровонлиги учун меҳнат қилаётган олийжаноб инсонларнинг барча тилакларини ижобат қилсин.
Қурбон ҳайити яна бир бор барчамизга қутлуғ бўлсин.
Доимо юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
