ИНВЕСТОРЛАР БИЛАН УЧРАШУВ
2025-05-28 18:45:00 / Янгиликлар

ШАҲАР ҲОКИМИ ХИТОЙЛИК ИНВЕСТОРЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ
Бугун Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев Хитой Халқ Республикасининг Шандун провинсиясида жойлашган Жинан шаҳридаги нуфузли бизнес уюшма — "Чамбер оф Cоммерcе фор Жинан" компаниясининг жаноб Ю Юнлонг бошчилик вакилларини қабул қилди.
Учрашувдан асосий мақсад — Навоий шаҳрида олиб борилаётган қурилиш ва коммуникация тизимларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш ҳамда ушбу соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Ташриф доирасида делегация вакилларига шаҳар инфратузилмаси, айниқса, қурилиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш борасидаги лойиҳалар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Шунингдек, Навоий шаҳрида иссиқлик ва совуқликни ўтказмайдиган махсус қопламали трубаларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги саноат корхонасини ташкил этиш лойиҳаси юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур ташаббус нафақат замонавий технологияларни жорий этиш ва ички бозор эҳтиёжини қоплашга, балки янги иш ўринлари яратиш, саноат салоҳиятини ошириш ҳамда шаҳар инфратузилмасини янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Учрашув давомида томонлар ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини босқичма-босқич кенгайтириш ва муҳокама қилинган йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида бир қатор келишувларга эришдилар.
БАТАФСИЛ: видео









