ОЧИҚ МУЛОҚОТ
2025-05-15 19:10:00 / Матбуот анжуманлари

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази” биносида жойлашган “Медиа марказ”да хотин-қизлар фаолиятига бағишланган ОЧИҚ МУЛОҚОТ ташкил этилди.
Мазкур тадбирда Навоий шаҳар ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Насиба Рахимова, шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Бобур Аҳроров, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Навоий вилояти кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси Ахборот хизмати, “Navoiyliklar.UZ” расмий ахборот сайти вакиллари, шунингдек, шаҳар маҳаллаларида фаолият юритаётган хотин-қизлар фаоллари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида шаҳар ҳокими ўринбосари Насиба Рахимованинг ҳисобот маърузаси тингланиб, ҳозирги кунга қадар Навоий шаҳрида хотин-қизлар билан ишлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, ижтимоий муаммоларни бартараф этиш йўналишида амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, келгусидаги устувор режалар ҳам эълон қилинди.
Очиқ мулоқот эркин савол-жавоблар, таклиф ва фикрлар шаклида давом этди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан бевосита мутасаддиларга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлдилар.
Мазкур учрашув очиқ мулоқот тамойиллари асосида ташкил этилиб, ҳудуддаги хотин-қизларнинг фаоллигини янада ошириш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.









