ҲОКИМ ТАБРИГИ
2025-05-24 13:05:00 / Янгиликлар

ОҚ ЙЎЛ, АЗИЗ БИТИРУВЧИЛАР!
Навоий шаҳар ҳокими Эргашев Дилмурод Бекмурадовичнинг шаҳар мактабларини 2024-2025 ўқув йилидаги битирувчиларига табриги
Шу кеча-кундузда шаҳримиз мактаблари, ўқувчи ва муаллимлари ҳаётида унутилмас дамлар кечмоқда. Яна бир ўқув йили якунланиб, илм даргоҳларининг битирувчилари катта ҳаётга йўл олиш арафасида турибди. Уларнинг аксарияти, шубҳасиз таҳсилни олий ўқув юртларида давом эттиришга аҳд қилишган. Муайян қисми эса, ҳунар ўрганиб,турли касбларда меҳнат қилган ҳолда, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга қарор қилишган. Мен уларнинг барчасини мактабни муваффақиятли тугаллаганликлари билан табриклайман ва келгуси орзу мақсадларига эришишларида муваффақият ва омад тилайман.
Бу йил шаҳримиздаги 22 та мактабни 2651 нафар йигит-қизларимиз битириб, мустақил ҳаётга йўл олади. Ҳозирги кунда олий таълим муассасаларига кириш йўналиши бўйича тайёргарлик амалга оширилмоқда. Муддатдан олдин талаба бўлган ўқувчиларимиз сони 40 нафарни ташкил қилади. Миллий ҳамда халқаро сертификатларни қўлга киритган битирувчиларимиз сони эса 812 нафарга етди. Уларнинг 136 нафари олтин, 26 нафари эса кумуш медалларга муносиб кўрилди.
Битирувчи ўқувчиларимизнинг 800 нафари халқаро ва миллий сертификатларни қўлга киритиб, дунё мамлакатлари ва Ўзбекистоннинг топ-университетлари ва институтларига турли йўналишлар бўйича 12 нафари муддатидан олдин талаба бўлиш бахтига мушарраф бўлди.
Бундай юқори натижалар эса бежиз эмас. Бу мактабларимизда таълим-тарбия жараёнларининг талаблар даражасида, наъмунали йўлга қўйилганлигидан далолат беради. Шаҳримиз мактаблари ўқувчиларининг вилоят, мамлакат ҳамда Халқаро баҳслар ва танловларда доимий равишда ғолиб ва совриндорлар сафидан ўрин эгаллаши хайрли анъанага айланганлиги ҳам ана шуни исботлайди.
Жумладан, 11-мактаб ўқувчиси Жасурбек Мустафоев кимё фанидан ИЖСО-2024 халқаро олимпиадасининг саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, кейинги босқичда иштирок ҳуқуқини қўлга киритди. У 2024-йилнинг 2-12 декабр кунлари Руминиянинг Бухарест шаҳрида ўтказилган 21-Халқаро ёшлар табиий фанлар олимпиадасида 52 та давлатдан келган 303 нафар қатнашчилар ўртасида муваффақиятли иштирок этиб, бронза медалини қўлга киритди.
Шу мактабнинг 9-синф ўқувчиси, “Жадидлар изидан” республика танлови ғолиби Фарангиз Эргашева жорий йилнинг март ойида Германияда бир ҳафталик таълим саёҳатида бўлиб қайтди. У саёҳат давомида Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида нутқ сўзлади.
Азиз битирувчи фарзандларим!
Навоийлик мактаб ўқувчиларининг бундай қувончли натижалари тўғрисида кўп ва хўп гапириш мумкин. Мен эса, шаҳримиз мактаблари битирувчиларини ҳаётларидаги қувончли воқеа билан яна бир бор қутлайман ва келгуси орзу мақсадларининг амалга ошишида муваффақиятлар тилайман!
