КОРРУПСИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ — ҲАР БИРИМИЗНИНГ БУРЧИМИЗ
2026-11-06 09:05:00 / Янгиликлар

Ҳалоллик ва шаффофлик — тараққиёт гарови
Бугунги кунда коррупсияга қарши курашиш давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Зеро, коррупсия жамият тараққиётига тўсқинлик қиладиган, фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончига путур етказадиган ҳамда иқтисодий ривожланишга салбий таъсир кўрсатадиган иллатдир.
Айниқса, иқтисодиёт ва молия соҳасида қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик тамойилларига қатъий риоя этиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки давлат буджети маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши, молиявий интизомнинг таъминланиши ҳамда буджет маблағларидан оқилона фойдаланиш бевосита жамият фаровонлигига хизмат қилади.
Навоий шаҳар Иқтисодиёт ва молия бўлимида ҳам коррупсиянинг олдини олиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, ходимлар ўртасида ҳалоллик ва масъулият муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бўлим фаолиятида қонун устуворлигини таъминлаш, хизмат вазифаларини виждонан бажариш, фуқаролар ва ташкилотлар билан муносабатларда очиқлик ҳамда холислик тамойилларига амал қилиш муҳим вазифа ҳисобланади. Ҳар бир ходим ўз фаолиятида коррупсиявий ҳолатларга муросасиз муносабатда бўлиши, хизмат мавқеидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланмаслиги лозим.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, коррупсияга қарши курашиш фақатгина давлат органларининг вазифаси эмас. Бу борада ҳар бир фуқаро, ҳар бир ташкилот ва ҳар бир жамоанинг ўз масъулияти мавжуд. Пора бериш ва пора олишга муросасиз муносабатда бўлиш, қонунбузилиш ҳолатларига бефарқ қарамаслик ҳамда ҳалоллик тамойилларига амал қилиш соғлом жамиятни шакллантиришнинг муҳим омилидир.
Бизнинг асосий мақсадимиз — давлат маблағларининг ҳар бир сўми белгиланган мақсадлар йўлида сарфланишини таъминлаш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш, аҳолининг давлат органларига бўлган ишончини ошириш ва коррупсиядан холи муҳитни шакллантиришдан иборат.
Унутмаслигимиз керакки, коррупсияга қарши курашиш бир кунлик тадбир эмас, балки доимий эътибор ва масъулият талаб қиладиган жараёндир. Ҳар биримиз ўз ишимизга ҳалоллик билан ёндашсак, қонунларга риоя қилсак ва адолат тамойилларини устувор деб билсак, албатта, коррупсиядан холи жамият барпо этишга муносиб ҳисса қўшамиз.
Ҳалоллик — тараққиёт пойдевори, шаффофлик — ишонч кафолати!
Навоий шаҳар Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Ф.Хидиров
