УЧРАШУВ
2026-10-14 21:10:00 / Янгиликлар

БАРЧА ЙЎНАЛИШЛАРДА ТАЛАБ ВА НАЗОРАТ КУЧАЙТИРИЛАДИ
Бугун Навоий шаҳар ҳокими Бобир Исломов бошчилигида шаҳар прокурори, ИИБ ва ДСИ раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари ҳамда маҳалла еттилиги иштирокида аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш масалаларига бағишланган таҳлилий йиғилиш “Зоом” платформаси орқали ўтказилди.
Йиғилишда маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар, ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш ҳамда эҳтиёжманд оилалар учун барқарор даромад манбаларини яратиш борасидаги фаолият танқидий муҳокама қилинди.
Шаҳар ҳокими томонидан масъулларга ҳар бир маҳалладаги вазиятни чуқур ўрганиш, муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.
Бунда қоғоздаги ҳисоботлар эмас, балки амалий натижалар асосий мезон бўлиши қайд этилди.
Шунингдек, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, масъулиятни кучайтириш ва ҳар бир оилани камбағалликдан чиқариш бўйича манзилли ишларни ташкил этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Барча йўналишларда талабчанлик ва назорат кучайтирилиб, масъуллардан аниқ натижа ва шахсий жавобгарлик талаб этилади.
Навоий шаҳар ҳокимлиги
Ахборот хизмати









