МУСТАҚИЛЛИК АЙЁМИ МУБОРАК БЎЛСИН!
2026-08-31 14:30:00 / Янгиликлар

МУСТАҚИЛЛИК АЙЁМИ МУБОРАК БЎЛСИН!
Ассалому алайкум!
Азиз навоийликлар!
Ҳурматли ҳамшаҳарлар!
Бугун юртимизнинг барча гўшаларида кўтаринки руҳ, юксак шукроналик ва байрам кайфияти ҳукмрон. Зеро, қутлуғ айёмимиз — Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг барча йўналишларида эришилаётган улкан ютуқлар, янгиланиш ва бунёдкорликлар билан кутиб олинмоқда. Ана шундай шукуҳли дамларда сиз, азиз навоийликларни Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик шодиёнаси билан чин қалбимдан муборакбод этаётганимдан ғоятда бахтиёрман.
Зеро, 1 сентябрь — Мустақиллик куни мамлакатимиз истиқлолга эришган, жаҳон харитасида янги, мустақил ва суверен давлат — Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлган, халқимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёбга чиққан буюк тарихий сана ҳисобланади. Шу боис бу қутлуғ кун халқимиз томонидан энг улуғ, энг азиз байрам сифатида доимо катта шоду хуррамлик билан нишонлаб келинмоқда.
Мамлакатимиз Президентининг жорий йил июль ойидаги Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги байрамига тайёргарлик кўриш ва уни муносиб тарзда ўтказишга қаратилган қарори асосида шаҳримиздаги корхона, ташкилот ва муассасалар, маҳаллаларда «Ягона Ватан — ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз» деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари изчил амалга оширилди.
Шаҳримиз меҳнат жамоалари томонидан улуғ байрамга муносиб меҳнат совғалари тайёрланди. Саноат маҳсулотлари, жумладан, халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқариш кўрсаткичларида сезиларли ўсиш қайд этилди. Маҳсулотлар экспортида ҳам ижобий тенденция кузатилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Жорий йилнинг биринчи ярмида макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича белгиланган режалар ортиғи билан бажарилди.
Жорий йилнинг январь-июнь ойларида 5,6 минг нафар, яъни олти ойлик режага нисбатан 235,7 фоиз аҳоли даромадли меҳнат билан таъминланди. Шу даврда 6,3 минг нафар фуқаро, яъни белгиланган режага нисбатан 253 фоиз аҳоли тадбиркорликка жалб қилинди. Ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига 5,4 минг нафар, янги корхоналар ташкил этиш орқали 500 нафар, якка тартибдаги тадбиркорлик ҳисобига эса 400 нафар ҳамшаҳримиз ўз бизнесини бошлади.
Шаҳримизда таълим ва ижтимоий соҳага ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Навоий шаҳар мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги 23 та мактабнинг 18 тасида инклюзив синфлар ташкил этилган бўлиб, уларни жиҳозлаш учун жорий йил 2 июль санасида Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши томонидан маҳаллий бюджетнинг 2026 йил биринчи чорак якуни бўйича даромадлар режасидан ортириб бажарилган қисми ҳисобидан 400 миллион 391 минг сўм маблағ ажратилди.
2026 йил бошидан буён ижтимоий соҳа йўналишига маҳаллий бюджетнинг ортириб бажарилган қисмидан 6 миллиард 311 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Жумладан, мактабгача ва мактаб таълими тизими самарадорлигини ошириш мақсадида мактабларга 2 миллиард 400 миллион сўм, мактабгача таълим ташкилотларига 1 миллиард 505 миллион сўм, тиббиёт йўналишида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш учун 1 миллиард 570 миллион сўм, маданий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва аҳолининг ижтимоий кайфиятини юксалтириш мақсадида 900 миллион сўм маблағ ажратилди.
Дарҳақиқат, вилоят маркази — Навоий шаҳри мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичини ўзида яққол намоён этаётган йирик саноат ҳудудларидан биридир. Шаҳримизнинг янги микрорайонида қад ростлаётган кўп қаватли замонавий уй-жойлар, янги иншоотлар, янгиланиб бораётган ишлаб чиқариш қувватлари, обод маҳаллалар ва фаровон ҳаёт манзаралари ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий самараларини намоён этмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан шаҳримизда 19 та умумтаълим мактаби, шунингдек, қўшимча равишда барпо этилган 810 ўринли замонавий ўқув биноси, «Янгиариқ» маҳалласида аҳоли учун қулай ва замонавий шарт-шароитларга эга янги маҳалла биноси ҳамда бир қатор катта-кичик ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилди.
Ҳамшаҳарларимиз Мустақиллик байрами муносабати билан жорий йилнинг 90 кунлик ободонлаштириш тадбирлари доирасида «Ягона Ватан ва умумий келажак сари» ғояси ҳамда «Маҳалла обод — юрт обод» шиори остида ўтказилган умумхалқ ҳашарида ҳам фаол иштирок этдилар.
Хуллас, навоийликлар Ватанимизнинг эртанги истиқболига юксак ишонч, бунёдкорона меҳнат, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик руҳида Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрамини муносиб кутиб олмоқдалар.
Умумхалқ ҳашарида ҳамшаҳарларимизнинг фаол иштирок этгани, шаҳримизнинг кўркига кўрк қўшиб, уни янада обод ва файзли масканга айлантиришга ўз ҳиссасини қўшаётгани ҳам юртдошларимизнинг Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси юксак эканидан далолатдир.
Айни шу кунларда мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқлари сингари Навоий шаҳри ҳам байрам оғушида. Ҳамшаҳарларимиз Мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта шоду хуррамлик, истиқлолимизнинг абадийлиги ва она Ватанимизнинг порлоқ келажагига юксак ишонч руҳида нишонламоқдалар.
Азиз ҳамшаҳарлар!
Қадрли навоийликлар!
Сизларни яна бир бор Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллик қутлуғ байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!
Барчангизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, оилавий бахт-саодат, хотиржамлик, файзу барака ва улкан зафарлар тилайман.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз фаровон бўлсин!
Мустақиллигимиз абадий, Ватанимиз равнақи ва тараққиёти бардавом бўлсин!
МУСТАҚИЛЛИК АЙЁМИ БАРЧАМИЗГА МУБОРАК БЎЛСИН!
