ТАДБИРКОРЛАРНИНГ МУАММО ВА ТАКЛИФЛАРИ ОЧИҚ МУЛОҚОТДА МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
2026-08-14 19:30:00 / Янгиликлар

ТАДБИРКОРЛАРНИНГ МУАММО ВА ТАКЛИФЛАРИ ОЧИҚ МУЛОҚОТДА МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
▶️Бугун Навоий шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев, Бизнес-омбудсман вилоят раҳбари Б.Мирзаев бошчилигида ҳамда тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирокида тадбиркорлик субектлари олдида турган муаммоли масалаларни муҳокама қилиш, мавжуд муаммоларга амалий ечим топиш ҳамда тадбиркорларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
▶️Мулоқот давомида тадбиркорларнинг кундалик фаолиятида учраётган муаммолар, бизнес юритиш жараёнида юзага келаётган тўсиқлар, инфратузилма ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, ер ва мулк масалалари, кредит ва молиявий ресурслардан фойдаланиш, солиқ ва бошқа тегишли йўналишлардаги масалалар юзасидан мурожаатлар тингланди.
▶️Шунингдек, тадбиркорлар томонидан янги лойиҳаларни амалга ошириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаларини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ҳудуд иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
▶️Ҳар бир мурожаат ва таклиф масъуллар иштирокида атрофлича кўриб чиқилиб, муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда уларни бартараф этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Масъул ташкилот ва идоралар вакилларига тадбиркорларнинг мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқиш, масалаларни ортиқча сансалорликка йўл қўймасдан ҳал этиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича амалий чораларни кўриш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
▶️Учрашувда тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш муҳим вазифа экани алоҳида таъкидланди.
▶️Бундай очиқ мулоқотлар тадбиркорлар билан давлат органлари ўртасидаги бевосита мулоқотни янада мустаҳкамлаш, муаммоларни тезкор аниқлаш ва уларни жойида ҳал этиш, шунингдек, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш орқали Навоий шаҳрида тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади.
Навоий шаҳар ҳокимлиги
Ахборот хизмати








