ҲАШАР
2026-07-26 13:05:00 / Янгиликлар

НАВОИЙ ШАҲРИДА “ОҒИР ТОИФАДАГИ” МАҲАЛЛАЛАРДА ТИЗИМЛИ ИШЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА
Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида жорий йилнинг 16-июл куни “Маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил этиш бўйича устувор вазифалар” юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Навоий шаҳрида амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Мазкур топшириқлар асосида шаҳардаги 6 та маҳалла ижтимоий-иқтисодий ҳолати чуқур таҳлил қилиниб, “оғир тоифадаги” маҳаллалар сифатида белгиланди ҳамда ҳар бири шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ва тегишли ташкилотлар масъулларига бириктирилди.
Хусусан, Навоий шаҳар ИИБ бошлиғи, подполковник Аҳмадали Қодировга “Тинчлик” маҳалласи бириктирилиб, ҳудудда аҳоли муаммоларини комплекс ҳал этиш, хавфсиз муҳитни яратиш ва фуқаролар билан манзилли ишлашга қаратилган тизимли ишлар бошланди.
Бугун маҳаллада сайёр қабул ўтказилиб, унда кам таъминланган оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, “Ижтимоий реестр” ва “Камбағаллик реестри”га киритилган оилалар ҳамда барча маҳалла аҳолиси мурожаатлари қабул қилинди. Фуқаролар томонидан билдирилган масалалар жойида ўрганилиб, тезкор ҳал этилиши мумкин бўлган мурожаатлар юзасидан амалий чоралар кўрилди, қўшимча ўрганишни талаб этадиган мурожаатлар назоратга олинди.
Шунингдек, “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” доирасида Тинчлик маҳалласида кенг кўламли ободонлаштириш ва ҳашар ишлари ташкил этилди. Ҳашарда иштирок этаётган фуқаролар учун ош дамланди.
Тадбир аввалида Навоий шаҳар ИИБ бошлиғи раҳбарлигида маҳалла еттилиги, ички ишлар органлари ходимлари ҳамда тегишли мутасаддилар иштирокида штаб йиғилиши ўтказилди. Унда маҳалладаги ҳар бир хонадоннинг муаммоларини ўрганиш, фуқароларга амалий кўмак кўрсатиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳаллада хавфсиз муҳитни таъминлаш ҳамда белгиланган вазифаларни самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилиниб, масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Мазкур амалий ишлар орқали “Тинчлик” маҳалласида аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш, фуқаролар фаровонлигини ошириш ва хавфсиз ҳамда обод маҳалла муҳитини яратиш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Навоий шаҳар ҳокимлиги
Ахборот хизмати









