ҒАЛАБА ШОҲ КЎЧАСИНИ ЯНАДА ОБОД ВА ЗАМОНАВИЙ ҚИЁФАГА КЕЛТИРИШ БЎЙИЧА НАВБАТДАГИ АМАЛИЙ ИШЛАР БОШЛАНДИ
2026-06-20 13:05:00 / Янгиликлар

ҒАЛАБА ШОҲ КЎЧАСИНИ ЯНАДА ОБОД ВА ЗАМОНАВИЙ ҚИЁФАГА КЕЛТИРИШ БЎЙИЧА НАВБАТДАГИ АМАЛИЙ ИШЛАР БОШЛАНДИ
Навоий шаҳрининг Янгиариқ ва Истиқлол маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи Ғалаба шоҳ кўчаси темир йўл вокзалидан шаҳарга кириб келувчи асосий йўналишлардан бири ҳисобланади. Мазкур кўча шаҳримизнинг ташриф қоғози сифатида муҳим аҳамият касб этиб, унинг озода, тартибли ва замонавий қиёфада бўлиши алоҳида эътибор талаб этади.
Шу муносабат билан бугун Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев бошчилигида ушбу ҳудудни янада ободонлаштириш, санитария ҳолатини яхшилаш, турар жойларнинг фасад қисмларини тартибга келтириш ҳамда кўчанинг замонавий меъморий қиёфасини шакллантириш масалаларига бағишланган штаб йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, мутасадди масъуллар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этиб, амалга ошириладиган ишлар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди. Ҳудудлар кесимида масъуллар бириктирилиб, ҳар бир йўналиш бўйича манзилли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.









