САЙЁР ҚАБУЛ
2026-06-18 19:10:00 / Янгиликлар

Бугун Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев томонидан шаҳар Халқ қабулхонаси биносида фуқаролар ва ёшлар учун навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди. Мазкур қабул Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирлар доирасида ўтказилиб, унда айниқса ёшларнинг мурожаат ва таклифларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қабул давомида 20 га яқин фуқаро, жумладан, ёшлар, маҳалла фаоллари ҳамда турли соҳа вакиллари иштирок этиб, ўзларини қийнаётган масалалар, таклиф ва ташаббуслари билан мурожаат қилдилар. Мурожаатлар асосан бандлик, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уй-жой, инфратузилма, коммунал хизматлар, таълим, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда бошқа йўналишдаги масалаларни қамраб олди.
Қабул жараёнида ҳар бир мурожаат атрофлича тингланиб, масалаларнинг мазмун-моҳияти чуқур ўрганилди. Шаҳар ҳокими томонидан мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилот ва корхона раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди ҳамда айрим масалаларни жойида ҳал этиш бўйича амалий чоралар кўрилди.
Шунингдек, қўшимча ўрганиш ва вақт талаб этиладиган мурожаатлар алоҳида назоратга олиниб, уларнинг қонуний, адолатли ва ўз вақтида ечимини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.
Фуқаролар билан очиқ мулоқот қилиш, айниқса ёшларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш ҳамда ҳаётдаги ўрнини мустаҳкамлаш бугунги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
БАТАФСИЛ ВИДЕО









