СЕМИНАР
2026-06-17 17:10:00 / Янгиликлар

Бугун Навоий шаҳар ҳокимлиги катта мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратишга қаратилган Фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ўқув-семинар ҳамда очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Навоий вилоят шўбаси ходими У.Нишонов, Навоий шаҳар ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси вакиллари, тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари, соҳа мутахассислари ҳамда масъул мутасаддилар иштирок этди.
Семинар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 17-апрелдаги ПФ–63-сонли “Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва назорат тадбирларининг шаффофлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, 2026-йил 15-апрелдаги ПҚ–138-сонли “Молиявий жарималарни қўллаш тартибини янада либераллаштириш ва суд назорати самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида”ги Қарори, шунингдек, кичик бизнес субъектлари учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий муҳит яратишга қаратилган ПФ–100-сонли Фармоннинг мазмун-моҳияти юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Тадбир давомида тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, назорат тадбирларини очиқ ва шаффоф ташкил этиш, молиявий жавобгарлик чораларини қўллашда адолат ва қонунийликни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари ҳамда бизнес юритишдаги маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш масалалари кенг ёритилди.
Шунингдек, иштирокчиларга тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органлари билан ўзаро муносабатларда амалдаги қонунчиликда белгиланган имконият ва кафолатлар ҳақида атрофлича маълумотлар тақдим этилди.
Очиқ мулоқот жараёнида тадбиркорлар томонидан фаолият давомида юзага келаётган муаммо ва тўсиқлар, мавжуд таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилиниб, ҳар бир мурожаат юзасидан масъул ташкилотлар иштирокида амалий ечимлар белгилаб олинди.
Тадбир доирасида тадбиркорлар қабули ҳам ташкил этилди. Қабул давомида иштирокчиларнинг мурожаатлари тингланиб, уларни тезкор ва ижобий ҳал этиш, зарур ҳолларда қўшимча ўрганиш олиб бориш бўйича тегишли раҳбар ва мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Тадбирда алоҳида таъкидланганидек, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, бизнес субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг барқарор фаолияти учун қулай шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Мазкур ўқув-семинар ва очиқ мулоқот тадбиркорлар билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш, мавжуд масалаларни жойида ҳал этиш ҳамда ҳудудда тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим платформа бўлди.
Навоий шаҳар ҳокимлиги
Ахборот хизмати









