БИТИРУВЧИЛАРГА ТАНТАНАЛИ ДИПЛОМ ТОПШИРИШ МАРОСИМИ ЎТКАЗИЛДИ
2026-06-13 13:10:00 / Янгиликлар

БИТИРУВЧИЛАРГА ТАНТАНАЛИ ДИПЛОМ ТОПШИРИШ МАРОСИМИ ЎТКАЗИЛДИ
Бугун Ўзбекистон Республикаси ИИВ Навоий академик лицейида битирувчиларга диплом топшириш маросими тантанали руҳда бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир ёшларнинг таълимдаги ютуқларини эътироф этиш, уларни келгусидаги масъулиятли фаолиятга руҳлантириш ҳамда Ватанга садоқат, фидойилик ва юксак мақсадлар сари интилиш руҳида қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.
Тантанали маросимда вилоят ИИБ бошлиғи, Миллий гвардия раҳбарияти, Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев, соҳа фахрийлари, академик лицей раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар жамоаси ҳамда битирувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар битирувчиларни ушбу муҳим ва унутилмас кун билан самимий табриклаб, уларнинг келгусидаги ўқиш ва хизмат фаолиятида улкан муваффақиятлар тилади. Шунингдек, ёшларнинг билимли, ватанпарвар ва масъулиятли авлод сифатида камол топишида устозлар ҳамда ота-оналарнинг муносиб ҳиссаси алоҳида таъкидланди.
Маросимнинг энг ҳаяжонли лаҳзаларидан бири битирувчиларга дипломларни тантанали равишда топшириш жараёни бўлди. Дипломларни қабул қилиб олган ёшлар ўзларининг келгусидаги мақсадлари, юрт равнақи ва халқ фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Шунингдек, тадбир давомида академик лицей ҳаёти ва битирувчиларнинг ютуқларини акс эттирувчи чиқишлар, бадиий дастурлар ҳам намойиш этилиб, байрамона кайфият янада кўтарилди.
Тадбир якунида битирувчиларга оқ йўл тиланиб, уларнинг келгусида мамлакат тараққиёти ва хавфсизлигини таъминлаш йўлида муносиб ҳисса қўшишларига ишонч билдирилди.









