ЁШ ТАДБИРКОРЛАР ВА ИТ РЕЗИДЕНТЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ ЎТКАЗИЛДИ
2026-01-20 20:25:00 / Янгиликлар

ЁШ ТАДБИРКОРЛАР ВА ИТ РЕЗИДЕНТЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ ЎТКАЗИЛДИ
Ташриф давомида Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси” ҳудудида фаолият юритиш ниятидаги ёш тадбиркорлар ҳамда ИТ соҳасида фаолият олиб бораётган “БУИЛД-УНИТЕC” корхонаси резидентлари билан учрашув ўтказди.
Учрашув жараёнида ёш тадбиркорларга мазкур саноат ва тадбиркорлик зонасида яратилган қулай шарт-шароитлар, мавжуд имкониятлар, имтиёзлар ва инфратузилма ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларни амалий фаолиятга йўналтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
“БУИЛД-УНИТЕC” резидент компанияси раҳбари Ф. Баҳриддинов бўлиб, мазкур компания Америка логистика йўналишида фаолият юритувчи резидент компания ҳисобланади. Ҳозирги кунда компания ўз фаолиятини Навоий шаҳрида ҳам йўлга қўйишни режалаштирган.
✔️Ушбу лойиҳа доирасида:
➡️30 та янги иш ўрни яратиш,
➡️ИТ йўналишида малакали мутахассислар тайёрлаш,
➡️ёшлар учун замонавий билим ва амалий тажриба бериш кўзда тутилган.
✔️Мазкур ташаббус Навоий шаҳрида иқтисодий фаолликни ошириш, замонавий логистика ва ИТ соҳаларини ривожлантириш, энг муҳими, ёшлар бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Маълумот учун, “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси” ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшлар ва ташаббускорлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида бир қатор имтиёзлар белгиланган.
Жумладан, саноат зонасида фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган тадбиркорлар учун 3 ойлик имтиёзли давр тақдим этилиб, ушбу муддат давомида ижара тўловларидан тўлиқ озод қилинади. Бу эса бошланғич босқичдаги харажатларни камайтириш ва бизнесни барқарор шакллантиришга катта ёрдам беради.
Шунингдек, тадбиркорларнинг ўз хоҳиш ва талабларидан келиб чиқиб, ажратилган хоналар ва ишлаб чиқариш майдонларининг ички қисми тўлиқ таъмирлаб берилади. Ички таъмирлаш жараёни бизнес йўналишига мос тарзда ташкил этилиб, зарур коммуникациялар, ёритиш, санитария ҳолати ва иш шароитлари тўлиқ талаб даражасига келтирилади.
Мазкур имтиёз ва кўмак чораларининг барчаси тадбиркорликни кенг ривожлантириш, янги лойиҳалар пайдо бўлиши, шунингдек, ҳудудда қўшимча иш ўринларини яратишга хизмат қилади.









