65-Халқаро гуллар фестивали доирасида “Ўзбекистон (Наманган) — Афғонистон савдо-иқтисодий ҳамкорлик форуми" бўлиб ўтди.
2026-05-23 21:10:00 / Янгиликлар

Унда Наманган вилоятидаги йирик ишлаб чиқарувчилар ҳамда Афғонистон Инвестиция ва савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ариан Залғай Азими бошчилигидаги афғонистонлик тадбиркорлар иштирок этдилар.
Тадбир дастлаб “Халқаро гуллар фестивали”нинг 65 йиллик юбилейига бағишланган видеоролик намойиши билан бошланди.
Форумни очиб берган Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ўз нутқида бугунги учрашув нафақат иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, балки халқлар ўртасидаги ишонч, дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиладиган муҳим мулоқот майдони эканини таъкидлади.
Шунингдек, Афғонистонга амалга оширилган ташриф доирасида эришилган келишувлар ва савдо-иқтисодий алоқалар бугун ўзининг амалий натижаларини бераётгани, мазкур форум ҳам икки давлат тадбиркорлари ўртасида янги ҳамкорлик ва истиқболли шартномалар учун муҳим замин бўлиши қайд этилди.
Шундан сўнг сўзга чиққан Афғонистон Инвестиция ва савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ариан Залғай Азими Наманган тадбиркорларининг ишбилармонлиги, саноат ва ишлаб чиқариш соҳасидаги салоҳиятини юқори баҳолади. У жорий йил март ойида Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигидаги делегациянинг Афғонистонга ташрифи давомида 500 миллион долларлик шартномалар имзоланганини эслаб, бугунги форум ҳам янги манфаатли келишувларга йўл очишини таъкидлади.
Тадбир давомида наманганлик тадбиркорлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди. Шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида B2B музокаралар ўтказилиб, қатор муҳим шартномалар имзоланди.









